– ўз тақдирингдан қочишнинг ҳеч ҳожати йўқ – барибир қочиб қутулолмайсан;
– Худонинг қаҳри қаттиқ, аммо Унинг марҳамати ҳам чек-чегарасиз.
1981 йилда ҳаётимга устозим – Рама кириб келди, унга мени аввалги йўлимга қайтариш тақдир қилинган экан. Рамадан олаётган билимларимга қўшимча равишда, таваккал қилиб яна алкимёни ўрганишга киришдим. Бир куни кечқурун, тинкани қуритадиган узоқ телепатик амалдан сўнг, устоздан: «Нега алкимёгарлар бунчалик мураккаб ва ноаниқ ёзадилар», – деб сўрадим.
– Алкимёгарларнинг уч тоифаси бор, – деб жавоб берди у. – Биринчиси фақат мавҳумлик томон судралади, чунки ўз фанини ўзи билмайди. Кейингиси билади, лекин уларнинг алкимё тили қалбга эмас, ақлга йўл излайди.
– Учинчи тоифаси-чи? – сўрадим мен.
– Учинчиси – алкимё ҳақида умуман эшитмаган, аммо ўз ҳаётлари билан Ҳикмат Тошини ярата олганлардир.
Ана шундан кейин иккинчи тоифага мансуб бўлган Устозим менга алкимёдан сабоқ беришга киришди. Тез орада алкимёнинг шу пайтгача мени адаштириб ва ғашимга тегиб келган рамзий тили – Олам Руҳини англашнинг ягона йўли эканлигини тушундим. Юнг Олам Руҳини «оммавий онгсизлик»3 деб номлаган эди. Мен Ўз Йўлимни ва Тангри Аломатларини кашф этдим – булар ниҳоятда оддий бўлгани боис менинг тафаккур даражам қабул қилмай келган ҳақиқат аломатлари эди. Буюк Яратувчиликка эришиш вазифаси эса бир ҳовуч ноёб одамларнинг эмас, балки ушбу сайёрадаги бутун инсониятнинг қисмати эканлигини ҳам билиб олдим. Тўғри, Буюк Яратувчилик ҳамма вақт ҳам қаршимизда битта тухум ва бир шиша суюқлик шаклида намоён бўлавермайди, лекин ҳар битта инсон Олам Руҳини кашф этишга ва унга уйғунлашиб кетишга қодир. Мана, «Алкимёгар» нима учун рамзий китоб бўлди, унинг саҳифаларида мен нафақат алкимё ҳақида билганларимни тасвирлаганман, балки Умумбашарий Тилни эгаллаган буюк ёзувчиларнинг: Хемингуэй, Блейк, Борхес (менинг китобим унинг бир ҳикоясидаги ўрта асрларда Эронда бўлиб ўтадиган воқеага ўхшаб кетади), Малба Тагана ва бошқаларнинг улуғ хизматларини эътироф этишга ҳаракат қилганман.
Ҳаддан зиёд кенгайиб кетган сўзбошим ниҳоясида Устозим учинчи тоифага қайси алкимёгарларни киритганлигини ойдинлаштириш учун, у зот бир куни тажрибахонада айтиб берган воқеани баён қилмоқчиман:
Кунлардан бир куни Биби Марям қўлидаги чақалоғи Исо билан ер юзига тушибди ва роҳибларнинг ибодатхонасига кирибди. Ташрифдан фахру ғурурга тўлган роҳиблар саф тортишибди ва Биби Марям шарафига ҳар бири ўзмаҳоратини намоён қила бошлабди: бирови ўз шеърларидан ўқиб берибди, бошқаси Тавротни нақадар мукаммал билишини намойиш қилибди, яна бири эса жамики авлиёларнинг номини санаб берибди. Шундай қилиб, роҳибларнингҳар бири ўз кучи ва иқтидорига қараб Биби Марям ва чақалоқ Исони шарафлабди.
Охирида ғарибу бечора бир роҳиб бола қолибди, у ҳатто Муқаддас Китоб дуоларини ҳам ёдлаб айтолмас