Кунда бирдек шод яша, демас дунё,
Ҳаммадан ҳам чиройлигим – ўзингсан,
Муҳаббатли юраклигим – ўзингсан.
«Хаёл дарёсида оҳиста оқиб…»
Хаёл дарёсида оҳиста оқиб,
Баъзида ўзимга бериб эътибор
Бахтиёр ёрларга маҳлиё боқиб,
Мен сени ўйлайман орзудаги ёр.
Биламан, сен феъли гўзал, дилкашсан,
Меҳрибон нигоҳинг монанд дилингга.
Ишониб яшайман, ғамлардан қочсам,
Энг улуғ орзум деб айланар чинга.
Мен сени сўйлайман ҳар кун ҳар кимга,
Шодумон кўнглимнинг боиси деб, ёр.
Айланиб борасан менинг фахримга,
Мен сени орзулаб тунларим бедор.
Биламан, бу олам одам билан кенг,
Одамлар одамга машъала, чироқ.
Аёндир кимлигинг, аммо жимлигинг…
Исмингни ҳам ҳануз билмайман, бироқ.
Келасан, бир куни кулиб келасан,
Мен сени кутаман орзудаги ёр.
Қалби ишқ, қўшиққа тўлиб келасан,
Яшайман йўлингга бўлиб интизор.
«Сенки мени тушунмадингми…»
Сенки мени тушунмадингми,
Демак, менинг сирдошим йўқдир.
Бу оламда бир умр мени
Танҳо қилиб яратмиш тақдир.
Сенки мени тушунмадингми,
Зерикишда ўтар кунларим.
Қувончимни бўлишмас ҳеч ким,
Ғам-қайғулар ўртар кунларим.
Сенки мени тушунмадингми,
Алам билан чўғланар кўзим.
Нега мени тушунмайсан-а,
Тушунмайман ўзимга-ўзим.
Сенки мени тушунмадингми,
Демак, мени ҳеч ким тушунмас!
Икки қутб бўйлаб саросар,
Кўргуликлар асло туш эмас!
Сенки мени тушунмадингми,
Бошқаларга тилайман тўзим.
Нега мени тушунмайсан-а,
Тушунмайман ўзимга ўзим…
«Мен сени бировга бераман…»
Мен сени бировга бераман,
Бировда юрибман ўзим ҳам,
Узоқдан – бирровдан кўраман,
Тиланиб сендаги тўзимдан.
Оёғим остида олмалар
Тўкилган, ё пишиб қоқишган.
Ноаниқ қисматли олмалар
Ол бўлган юзлари олқишдан.
Сен эса олмадек ол қиздан
Олқишлар эшитиб яшайсан,
Олқишдан толиқиш бор тизда,
Сўрамас биров ҳол, тошдайсан…
Ҳам сенинг, ҳам менинг ғамим еб
Ўртада бир туйғу сарсондир.
Йўқотган, топинган камим деб,
Ғафлати ғурбатим ларзондир.
Тошдайсан, дилингда хавотир,
Яшайсан топмасдан ҳаловат.
Дилингда бир ҳазин наводир,
Тилингда ғамингга салавот…
«Мен эшикни беркитиб калит…»
Мен эшикни беркитиб калит
Яширмоққа уринаман кўп.
Куну туним ўтар шу тахлит,
Лек хотиржам кўринаман хўп.
Хаёлимда калитни топиб
Очсалар-а, дейман, эшикни?
Мен калитни яшириб, ёпиб
Қўйганман-ку ахир тешикни.
Калит