“Шайтон инсоннинг қон йўлидан айланади” дейилади бир ҳадисда. Одам ёруғ дунёнинг у эшигидан кириб, бу эшигидан чиқиб кетгунча шайтон билан олишиб ўтади, ундан қутулиш йўлларини излаб ҳалак бўлади. Биз чандон ҳушёр бўлайлик, шайтон бизнинг феълимизни торайтирган пайтларда динимизга тор ёндашиб қўймайлик. Қуръони карим маънавий хазинамиздир, унинг мағзини уқишга кўнглимиздаги васвасаларни босиб туриб киришайлик. Бу буюк илмни майда феълларимиздан муҳофаза қилайлик. “Осон кўрсатинглар, қийин кўрсатманглар; хурсанд қилинглар, нафратлантирманглар (одамларни қочирманглар)” дея даъват қилади Пайғамбаримиз. Мана шу ниятнинг ўзи ҳам ибодатдир.
Пушаймонни ўлимга тақама!
Бирор киши йўқки, ўлаётганда пушаймон бўлмаса. Агар яхши бўлса, яхшилиги зиёда бўлмаганига пушаймон бўлади, агар ёмон бўлса, ёмонлигини аввалроқ тўхтатмаганига пушаймон бўлади.
“Беш кунлик дунё” дейдилар, “капалакчалик умр кўргандаймиз”, “кўз очиб юмгунча кексайибмиз” дейдилар. Бойзодами, камбағалзодами, зиёлими, омими – ҳар бир инсоннинг кунлардан бир кун кўксидан ўрлаб чиқадиган дуди оҳи шу! Ҳамма бараварига келадиган умумий тўхтам шу! Умрнинг шу қадар тез ўтишини билмай яшаганимиз пушаймонларимизнинг энг каттасидир.
Нима учун бу ҳадисни танладик? Умид қилдикки, изимиздан келаётганларнинг кўзи унга эртароқ тушсин, биз озгина туртки бўлайлик, зора бу дунёдан оладиганларини вақтида олиб қолсалар, берадиганларини ҳам бериб улгурсалар!
Шайтон жаннатдан қувилди, Ҳазрати Одам ва Момо Ҳавво ҳам ерга туширилди. Шайтоннинг қасди – Одамда! Қачон қараманг, унинг дастидан тилимизнинг, қўлимизнинг, йўлимизнинг бир чети кир туради. Инсонга туйиш лаззати, орзу қилиш, ният қилиш гашти, гўзалликка ошуфталик завқи каби қатор неъматлар, шу билан бирга қалб ва руҳият берилди. Шайтон деганлари ана ўша энг нафис, энг яширин ҳисларингиз қатига жойлашиб олади. Мўлжаллаган ҳар бир иймонли ишингизнинг, айтмоқчи бўлган ҳар бир гапингизнинг иккинчи – шайтоний нусхасини тайёрлаб туради, ичингизда тинмай пичирлаб, ўз йўлига етакламоқчи бўлади. Минг надоматлар бўлсинки, одамлардан кўра у кўпроқ ниятига етади: умримизнинг ярмини ғафлат тўрига ўраб улгуради! Нимани бой берган бўлсак, у туфайли. Қачон тойилган бўлсак, қачон муаммолар исканжасида қолсак, билингки, шайтон йўлини тутган бўламиз.
Умр эса бир марта берилади ва у жуда қисқа! Бу дунё – бандаси учун имтиҳон топширадиган майдон. Бир ёнда Тангри сенга мукаммал вужуд, куч-қудрат, тил, тафаккур, нозик қалб бериб қўйибди, атрофингга ҳам моддий, ҳам маънавий неъматларни уюб қўйибди! Бир ёнингда эса шайтон! Ўртада ўзинг – бу иккилик орасида гоҳ синиб, гоҳ тиккаланиб умргузаронлик қиласан. Имтиҳон олувчи ва Тарозибон – Аллоҳнинг Ўзи ва ҳар бир