У кўзини юмди. Қоронғиликдан бир сонияда соҳир ёруғликка ўтди. Бу ҳолатда танаси ертўлада қолиб, фикран истаган ҳудудига бора оларди. Забаржад беги ётган хонага кирди. Чолнинг бош томонида катта ўғли Садир ўтирибди. Кўзлари қизариб кетибди, боши эгик. Эрка қизи Малоҳат сочларини ёйиб йиғламоқда.
– Апам, апам қани?! – дея йиғи аралаш оҳ урарди у.
Кенжа ўғли Наврўз отасининг оёқларини қучоқлаб олганича надомат чекаётир:
– Нега ман шу тунда уйда бўлмадим? Меҳмонга кетгандим, ата, бормай адо бўлай, атажон! Апам қаерда, апамни топиб беринг, атажон, атажоним!
Забаржад кенжатойининг зорланишларига чидаб туролмади. Йирик-йирик тим қора кўзлари, қуюқ мўйлаби отасининг ёшлигига қуйиб қўйгандек ўхшайди. Забаржад фикран унинг қўлини ушлади.
Наврўзнинг қўли қизиди. У қўлини бошига қўйиб жим бўлиб қолди.
– Ака, апам тирик, – деди. – Апам тирик!
Садир бошини кўтариб укасига қаради. Сочлари ёйилган Малоҳат йиғидан тўхтади.
– Қаёқдан билдинг?! – Малоҳат укасини елкасидан қучоқлаб олди.
– Менга хабар келди, – ёш боладек кўзини пирпиратди Наврўз.
– Қандай хабар, ико3?
– Билмайман, биби4, билмайман. Мани апам хаёлимга кириб ана шундай овутардилар. Бари рост чиқарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Апам тирик! Язнамга5 айтинг, қидирсунлар?!
Шу пайт ҳовлига беш-олтита милиция ходимлари кириб келишди. Улар билан оқ халат кийган икки нафар «тез ёрдам» шифокори ҳам бор. «Энди бегимга ҳеч ким ёрдам беролмайди», дея ўйлади Забаржад. Бўйнидаги маржони қизий бошлади. У қайтиши кераклигини тушунди. Ҳамма воқеаларни кўриб-била оладиган ёруғликдан қоронғилик қаърига шўнғиди. Кўзини очганида ертўладаги сўрида ўтирарди. Кетмон билан қаттиқ тупроқни текис ўйиб ишланган зинада қопқоқ тирқишидан тушаётган қуёш нури ўйнарди.
Забаржад танасида қаттиқ чарчоқ ҳис қилди. Сўрига ётиб дам ола бошлади. Хаёлан, қиладиган ишларига режа тузди: аввало, қувватини йиғиб, бегини сўнгги манзилига кузатади. Бу кузатиш фоний дунёда беги билан ёнма-ён бўла оладиган, унга содиқлигини изҳор эта оладиган сўнгги имкондир. Ахир, мугат аёллари бегларини ниҳоятда қаттиқ ҳурмат қилишади. Мугат аёл эри нима қилса ҳам кечиради. Уни доим ҳақ, деб билади. Фарзанд – Худонинг неъмати. Бештами, саккиз, ўнтами – хомиладор бўлса туғаверади. Фарзанди хасталанса жонини фидо қилишга тайёр. Мугат онаси ҳамма оналар каби қуёшдан оташ меҳр, чеҳрасига ойдан нур олган. Забаржад ҳам мугат аёли, Забаржад ҳам она. Унинг беги, суюкли Сафари – мугат эркакларининг сардори эди…
Забаржаднинг кўзига яна ёш қуйилиб келди. У қувват тўплаши керак. Халтасидан пиёла олди. Човгумидан тўлдириб сув қўйди. Ертўла бурчагида илиниб турган қопчиқдан қотган нон олди. Нонни сувга ивитиб қўйди. Бироздан кейин бир чимдимдан олиб ея бошлади.