Бу тунда Забаржаднинг уйқуси қочди. Очиқ деразадан ташқарига термулиб ётарди. Бирдан кўз олди қоронғилашди. Авваллари, фол очаётганида ана шундай бўларди. Кейин, хаёлида бир ҳудуд аста-секин ёришиб, қаршисида ўтирган одамни кўрарди. У билан фикран мулоқотга киришиб, йўқотган буюми ёки молини топар, дардини билиб ўзига айтарди. Шундан кейин бироз боши оғрирди. У пайтларда фол кўриш катта қувват талаб қилишини билмасди. Энди бўлса, қариб, фол кўрмай қўйганига ҳам анча бўлди.
Ҳозир кўз олди ўшандагидай қоронғилашиши юрагига ваҳима солди. «Энди мугат1 кампир кимга ҳам керак?» деб ўйлади. Ёши етмишдами, саксондами, ўзиям билмайди. Фақат узоқ, жуда узоқ яшади.
Забаржад ётган жойида қалқиб кетди. Кўз олди ёриша бошлади. Ёруғликда икки киши кўринди. «Ё Оллоҳ! Бу кимсалар у билан чоли ётган шу хонага яқинлашишди! Ниятлари ёмон! Улар эшикни итаришди. Йўқ! Забаржад уларни орқага қайтариши керак! Авваллари у буни эплаган. Руҳий қувватини йиғиб, уларнинг фикрини чалғитади. Кейин, бу ердан чиқиб кетишга мажбур қилади!».
«Оҳ, бўлмади! Қари мугат қувватдан қолибди…».
Забаржад эплолмаслигини сезди. Бўйнидаги сарғиш-яшил тошлардан тизилган маржонига ойнинг нури тушиши керак. Шунда, руҳий таъсир қуввати ўн, юз чандон ортади. У бунга улгурмади. Ўзини хаёлидаги қоронғиликка урди. Кўз олдида очиқ деразадан мўралаб турган тўлиной пайдо бўлди.
Тунги сукунатни бузиб хона эшиги ғижирлади. Овоз чиқармай икки шарпа кирди. Улар девдай-девдай йигитлар эди. Забаржад босқинчиларни мақсадлари пул эканлигини тушунди. У жим ётарди.
Шу ҳолатда фикран қоронғиликка шўнғиди. Кейин ёруғ ҳудудга ўтди. Кўз ўнгида чоли билан ётган хона ёришди. Энди икки босқинчини аниқ-тиниқ кўрди. Уларни таниёлмади. Бири – қоп-қора, кўзлари катта-катта, бўйдор йигит. Иккинчисининг бўйи уникидан бироз паст, юзи, сочлари маллатоб.
– Ризо, деразани ёпиб, пардасини тушир, – деб пичирлади қора йигит.
– Ит ҳам йўқ-ку, нимадан чўчийсан?
– Айтганимни қил, хотиржам бўламан!
Малла индамади. Деразани ёпаётганида ой нури тушиб турган ҳовлига хавотир билан қараб қўйди. «Унинг исми Ризо экан». Забаржад эслаб қолишга ҳаракат қилди. У ухлаётгандай ётсада, аслида ҳамма воқеаларнинг ичида эди. Қора йигит Ризога Забаржадни кўрсатди. Ўзи чолга ташланди.
Ризо чап қўлини Забаржадни оғзига босди. Юзига мушт туширди. Қоқ суяк, озғин мугат кампир жим бўлиб қолди. Бу пайтда қора босқинчи чолни уйғотиб олганди. Сафар лўли (уни шундай деб аташарди) хириллар, нима бўлаётганини тушунмай, кўзларини катта-катта очиб ётарди.
– Пул қаерда?! – деди қора босқинчи илондек вишиллаб.
Чол қўрққанидан дағ-дағ титрар, бу азоблар тушидами ё ўнгида эканлигини ҳали яхши ажратолмаганди. Жонини олгани келган ғаддор ким?! Ё унинг умри интиҳосига етгану, бўғаётган Азроилми?.. Ниҳоят, кекса Сафар «пул, пул» деган сўроқлардан қийноқнинг моҳиятини англагандай бўлди. Уйнинг бурчагига ишора қилди.
– Эшқул, кампир тамом бўлганга ўхшайди, – деб қолди Ризо овози титраб. – Бўйнидаги шиша тақинчоғидан бошқа ҳеч вақоси йўқ уни!
Чол билан овора бўлаётган Эшқул унинг гапига эътибор бермади. Забаржад бўйнидаги маржон ҳақида гап бораётганини билиб титраб кетди. Бу сариқ-яшил шаффоф тошлар унга бувисидан ёдгорлик.
– Гапирмадими? – деди чолни қийнашда давом этаётган Эшқул.
– Йўқ, жони бўш экан. Бир муштда ўчди.
– Аҳмоқ, нега шошдинг!? Чол пул қаердалигини билмаса-чи?
Эшқул чолни яна бўға бошлади.
– Пул қани, гапир!? Ўлдираман!
– Бурчакда, кўмилган, – деди чол базўр.
– Яна, яна қаерда?! Биламан, лўли, пулинг кўп! Айт, бўлмаса жонингни оламан?!
Забаржад қимир этолмасди. Ризо унинг бўйнига қўлини қўйди. Томири урмай, танаси совиб қолган. Аслида, Забаржаднинг ўзи танасини шу ҳолатга туширди. Буни ботиний овоз буюрди: «Жонингни асрашинг учун қимирлама, нафас ҳам олма!». Забаржад шундай қилди. Лекин, юраги секин, жуда секин, ҳар дақиқада икки-учтадан ураётганини сезди.
Чол ўзларининг ўлимлик пуллари кўмилган бурчакни кўрсатганди. Ризо сапчиб турди-да, бориб кигизни кўтарди. Энди улар ҳовлиқиб қолишганди.
– Кампирни ўлгани ишни пачава қилди! – деди пишиллаб Эшқул. – Тезроқ бўл! Манави чолниям тинчитамиз энди.
Ризо бўйра остидаги ўрани топди. Ўрадан бир қопчиқ пул олди.
– Қолгани қани?! – Эшқул чолни яктагидан ушлаб силкитарди.
Сафар лўли индамади. «Ўғлимизни пулларини айтмади» деб ўйлади Забаржад. У бу даҳшатларнинг ҳаммасини кўриб ётарди. Фикран бегига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Аввалига, бардам бўлишини сўради. Бироқ беги буни англайдиган аҳволда эмасди. Забаржад уни ҳам қоронғилик орқали ўз оламига чақириб олишга уринди. Лекин қуввати етмади. Бегининг хириллаб ҳаёт билан