Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-19-463-2
Скачать книгу
ҳолда бу ерда икки қўлини бурнига тиқиб ўлтиришдан бошқа чораси йўқ, – деди капитан.

      Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, тарқалдик.

      Тўртинчи боб

      Эрталаб мени қўшни боғдаги батарея уйғотиб юборди. Деразадан қуёш чарақлаб тушиб турарди, ўрнимдан турдим. Деразадан ташқарига кўз югуртирдим. Йўлкалардаги майда шағал ҳўл, ўт-ўланларни шудринг босганди. Батарея икки маротаба ўқ узди. Ҳар ўқ узилганда ҳаво зириллаб кетар, дераза ойналари зинғиллаб, пиджагимнинг этаклари лап-лап кўтарилиб, тушарди. Тўпларнинг ўзи кўринмасди, лекин, афтидан, снарядлар бизнинг устимиздан учиб ўтарди. Биқинингда батарея жойлашган бўлса, тинчингдан, роҳатингдан айриласан, ишқилиб, энг катта ва оғир тўплар эмас экан-ку, деб ўзингга тасалли ҳам бериб қўясан. Деразадан қараб туриб, йўлга чиқиб бораётган юк машинасининг шовқинини эшитдим. Кийиниб пастга тушдим-да, ошхонада қаҳва ичиб, сўнг гаражга ўтдим.

      Узун тим тагида ўнта машина қатор тизилиб турарди. Булар олди тўмтоқ, кузовлари баҳайбат, оч рангга бўялган, мебель ташийдиган фургонларга ўхшаш санитар машиналар эди. Ҳовлида мана шундай машиналардан бирининг ёнида механиклар ўралашишарди. Яна учта машина тоғлардаги тез ёрдам пунктларида эди.

      – Анов батареяга ҳам снаряд отишяптими? – деб сўрадим механикларнинг биридан.

      – Йўқ, signor tenente9. Уни тепалик тўсиб турибди.

      – Ишлар кетяптими?

      – Бир нави. Манави машина бутунлай ишдан чиққан, қолганлари ҳаммаси яроқли. – У ишини қўйиб жилмайди. – Сиз дам олиб қайтдингизми?

      – Ҳа.

      У қўлини тўр кўйлагига артиб, илжайди.

      – Димоғни чоғ қилгандирсиз?

      Унинг шериклари ҳам илжайишди.

      – Шундайроқ, – дедим мен. – У машинага нима бўлибди?

      – Ҳеч нарсага ярамайди. Соғ жойи йўқ. Ҳали у, ҳали бу.

      – Ҳозир қаери бузилган?

      – Поршень ҳалқаларини алмаштириш керак.

      Мен уларни мотори очилган, қисмлари олиниб зиначага териб қўйилганидан талон-торожга учрагандай ўксик кўринган машина олдида қолдириб, ўзим тимга ўтиб, барча машиналарни бирма-бир қараб чиқдим. Улар бир нави, артиб, тозалаб қўйилганди, баъзилари ҳозиргина ювилган, бошқа бирларини билинар-билинмас чанг босган эди. Мен тошлар қириб, ёриб юбормаганмикан деб, ҳамма ғилдиракларни диққат билан кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидадек эди. Кўринишдан мен бу ерда ҳаммасини назорат қилиб тураманми, йўқми, фарқсизга ўхшарди. Мен, машиналарнинг қандай аҳволда бўлиши, у ёки бу қисмларни топиб келтириш, тоғлардаги тез ёрдам пунктларидан касал ва ярадорларни кечиктирмай кўчириш, уларни тарқатиш пунктига келтириш ва ҳужжатларда кўрсатилган госпиталларга жойлаштириш кўп жиҳатлардан менга боғлиқ, деб кеккайиб юрарканман. Лекин, афтидан, менинг бу ерда бор-йўқлигимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.

      – Керакли қисмларни олишда қийналмадингларми? – сўрадим катта механикдан.

      – Йўқ.

      – Ёнилғи омбори ҳозир қаерда?

      – Ўша, ўз жойида.

      – Жуда соз, – дедим мен


<p>9</p>

Жаноб лейтенант.