Алвидо, қурол. Эрнест Миллер Хемингуэй. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-19-463-2
Скачать книгу
шўх шалдираб оқиб борарди. Кулба олдидаги йўлдан қўшинлар ўтиб борар, уларнинг оёғидан кўтарилган тўзон оғочларнинг баргларига ўтирарди. Оғочларнинг шохлари ҳам чангга бурканганди, ўша йили япроқлар эрта тўкила бошлаганди, биз бўлсак, йўлдан қўшинларнинг ўтиб боришини, чанг-тўзоннинг кўкка ўрлашини, шамол япроқларни юлқиб-сулқиб учириб кетаётганини, солдатларнинг одимларини, сўнгра эса кимсасиз, бўм-бўш тупроқ йўлда ёлғиз япроқларгина тўкилиб ётишини томоша қилардик.

      Водий ерлари ҳосилдор эди, унда боғзорлар сероб эди, водий этагидаги тоғлар эса тақир қўнғир тоғлар эди. Тоғларда жанг кетмоқдайди, кечалари портлашлардан ёлқинлар кўтариларди. Қоронғида улар шафаққа ўхшаб кўринарди: фақат тунлари этни жунжиктириб совуқ турар, ҳаво қуруқ эди.

      Баъзан қоронғида деразадан қўшинларнинг ўтиб боришини, тўп-тўпхоналар тортиб келаётганини эшитиб қолардик. Тунда йўлда қатнов зўраяр, иккала томонига яшик-яшик ўқ-дори ортган хачирлар, устига солдатлар тушган, юкларига брезент ташлаган кулранг машиналар шошилмай тўхтовсиз ўтиб турарди. Кундузлари ҳам шатак машиналар оғир тўп ларни судраб борар, тўпларнинг оғир стволларига кўм-кўк шохшаббалар ташлаб қўйилган, шатакчилар ҳам қуюқ яшил шохлар ва ток занглари билан беркитилган эди. Биздан шимол ёқда водий, водийдан нарида каштанзор, каштанзордан ҳам нарида – дарёнинг бу бетида баланд тепалик бор эди. Шу тепаликни эгаллашга бир неча марта уриниб кўрилди, лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Куз кириб, ёмғир кетидан ёмғир қуйиб бергач, каштанларнинг япроқлари дув тўкилдилар-да, шохлари қип-яланғоч бўлиб қолдилар, дарахтларнинг тепалари ёмғирдан қорайиб кетди. Токзорларнинг ҳам ораси очилиб, қуруқ навдаларгина қолди, теварак-атроф қўнғир тусга кирди, ҳамма ёқ рутубат, кузги сўлғинликка чўмди. Дарё усти туман билан қопланган, тоғлар тепасида булутлар сузиб юрарди; юк машиналари йўллардан лой сачратиб борар, ёмғирпўш кийган солдатлар ҳам лойга беланган, ивиган ҳолда борардилар: уларнинг милтиқлари ҳам ҳўл эди; қайишларидаги иккита кулранг чарм патрон сумка 6,5 миллиметрли ингичка патронлар жойланган обоймалардан зил тортиб, ёмғирпўш тагидан кўтарилиб турар ва гўё йўлдан бораётган солдатларни олти ойлик ҳомиладордай қилиб кўрсатарди.

      Кичкина оч тусли енгил машиналар ҳам ўтар, уларни тез ҳайдаб боришарди; кўпинча ҳайдовчининг ёнида офицер ўтирар, орқа томонда ҳам офицерлар бўларди. Булар юк машиналарга қараганда кўпроқ лой сачратиб кетарди. Агар офицерлардан бири жуда ҳам пакана бўлиб, орқа ўриндиқда икки генерал ўртасида ўтирган бўлсаю, азбаройи бўйи калталигидан юзи кўринмай, фақат шапкасининг тепасию, торгина елкасигина кўриниб турса ва бунинг устига машина ғоят тез кетаётган бўлса – ажабмаски, шу киши қирол эди. Унинг қароргоҳи Удинада бўлиб, деярли ҳар куни шу йўлдан аҳволни билиш учун ўтиб турар, аҳвол эса жуда ёмон эди.

      Қиш бошланиши билан сурункасига ёмғир қуйиб берди, ёмғир билан бирга вабо тарқалди. Лекин унинг олди олинди, вабо давомида қўшинда фақат етти минг кишигина ўлди, холос.

      Иккинчи