Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Эрнест Миллер Хемингуэй
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-08-874-0
Скачать книгу
етганча баланд кўтариб, шу онда йиққан бор кучи билан балиқнинг денгиз сиртидан одам кўкрагича кўтарилиб турган тўш қанотларининг худди орқасига урди. У темирнинг юмшоқ гўштга қандай кириб бораётганини туйди ва бутун оғирлигини гарпунга солиб, уни борган сари чуқур суқа борди.

      Шунда балиқ ўлим билан ҳамнишин бўлиб қолганига қарамай ҳаракатга кирди, гўё ўзининг тенги йўқ бўй-басти, бор гўзаллиги ва қудратини намойиш қилгандай денгиздан баланд кўтарилиб чиқди. Гўё у чол билан қайиқ устида муаллақ осилиб қолди. Кейин у чол ва чолнинг бутун қайиғига кўлоб-кўлоб сув ёғдириб денгизга гумбурлаб тушди.

      Чолни беҳоллик ва беҳузурлик ўз комига олди, кўзлари деярли ҳеч нарсани илғамай қўйди. Бироқ гарпун арқонини бўш қўйиб, уни тилимланиб кетган қўлларида оҳиста тутамлай бошлади. Кўзлари яна равшан тортганда эса, у балиқнинг кумушранг қорнини осмонга қаратиб тўнтарилиб ётганини кўрди. Орқасидан гарпун дастаси қиялаб чиқиб турар, денгиз теграси эса унинг қора қонига бўялган эди. Бошда гўё бутун бир чақирим келадиган мовий сувни ғиж-ғиж балиқлар тўдаси қоплаб юборгандай қора доғ босди. Кейин бу доғ ёйилиб кетди ва паға-паға булутга ўхшаб қолди. Кумушсимон балиқ тўлқинларда оҳиста тебраниб турарди.

      Чол то кўзи яна тиниб кетмагунча, балиқдан кўз узмай турди. Сўнгра у гарпун арқонини битенгга устма-уст икки марта ўраб боғлади ва қўллари билан икки чаккасини ушлаб мункайди.

      «Нима бало бўла қолди-я, бу бошимга ўзи? – деди у юзини қуйруқ қопламасига босаркан. – Мен кексайиб қолган одамман. Қаттиқ чарчадим. Аммо мен нима бўлганда ҳам мана бу балиқни ўлдирдим. У менга туғишган биродаримдан ҳам ортиқроқ. Энди бўлса майда-чуйда ишни бир ёқлик қилишгина қолди.

      Ҳозир балиқни қайиққа қантариб олишим учун арқонни тахт тутиб, уни сиртмоқ-сиртмоқ қилиб қўйишим керак. Мабодо биз икковлашиб балиқни қайиққа ортсаг-у, уни сувга лиқ тўлдириб қўйсаг-у, борингки, кейин челаклаб бўшатсаг-у, барибир, қайиқ бунақанги юкка дош беролмайди. Мен нима лозим бўлса ҳаммасини таппа-тахт қилиб қўйишим керак. Кейин балиқни бортга тортиб келтиришиму, чандиб ташлашим, елканни кўтариб, куч-кўрон билан жуфтакни ростлашим керак бўлади».

      Чол арқонни балиқ жабраси ва жағларидан ўтказиб, бошини қуйруққа тирбанд қилиш мақсадида уни бортга тортиб келтира бошлади.

      «Уни кўргим келяпти, – деб ўйлади у, – ўз қўлларим билан ушлагим, қандай балиқ эканлигини бир билиб қўйгим келяпти. Ахир у – менинг бойлигим. Лекин, фақат шунинг ўзи учунгина уни ушлаб кўргим келаётгани йўқ. Мен аллақачон, ҳў ўшанда, гарпунни сопига довур урганимда, унинг юрагига қўл текизиб кўргандай бўлдим, – деб ўйларди у. – Ҳай, майли, энди уни яқинроқ олиб кел, бойла, думига сиртмоқ ташла, қайиққа ёпишиб турсин десанг, танасини ҳам сиртмоқлаб ол».

      – Қани, қария, ҳаракатингни қил, – деди у ўзига ва бир қултум сув ютинди. – Энди жанг тамом бўлди, аммо ҳали майда-чуйда иш бошдан ошиб ётибди.

      Чол аввал зилол осмонга, кейин улкан балиққа назар солди. Айрича диққат билан қуёшга қаради. «Ҳозир кун пешиндан сал оғибди. Пассат бўлса, авжига миняпти.