Қонуний Султон Сулаймондек хонни Ёқуб пошшо заҳарлаб ўлдирган бўлса, Султон Аҳмадни катта энаси заҳарлайди. Исмоил Сафавийни жияни корини қилган бўлса, Тож Маҳалдек жаҳон хариқасиниг ижодкори Шоҳжаҳон ўғли Аврангзебнинг хонабандлигида жон беради. Мирзо Улуғбекнинг қатлига ўғли Абдуллатиф фатво чиқартирган эрса, Анвар Саодату Жон Кеннедилар рақибларининг ўқига учганлар.
Совуқ ақл ила ўйлаб қарасангиз, Леонид Брежнев ва Шароф Рашидов каби узоқ сиёсий умр гузаронлик қилган ҳамда ўз ажали ила тана тупроғини она тупроққа топширмоқ ҳам бир неъмат эканлигининг фарқига бориш мумкин. Буни буюк озар шоири Самад Вурғун жуда аниқ ва адолатли тасвирлаган.
Ўлим! Эй воҳ! Бу неъматдир!
Бу бир шонли саодатдур!
Агар бевақт ўлар бўлсам,
Рақибим бахтиёр ўлсун!
Инсонлар асосан ҳаётдан сабоқ олиб яшайдилар. Айниқса китоб ўқимайдиганлар. Агар ҳаётданки олмасанг таълим, сабоқ бера олмас ҳеч бир муаллим деганларидек, ҳаёт таълимини англаб етмаган киши унинг моҳиятини ҳам тушунмай ўтиб кетади.
Қуш уйқуси мисол умримизда биз саодатли онлар баробарида қайғули, айрилиқли дамларни ҳам бошдан кечирамизки, буларнинг ақли идрокимизда бурилиш ясаган энг даҳшатли, биз руҳан ҳозир бўлмаганимиз ҳолат, бу – ўлим.
Киши эсини таниганидан бери, бир умр ёнида юрган ота-онаси ўлимини ҳам ғоят оғир қаршилайди. Бу айрилиққа ҳозир бўлмайди. Тасаввурига сиғдира олмайди.
Узоқ йиллар ҳукм сурган, мулку мамлакатни ётқизиб-турғизадиган кишининг қайтиши эса бутун бир халқ ҳаётига таъсир этади. Аксар ҳолларда бу қайтиш мамлакатнинг ривожланишига, тараққий этишига олиб келади.
Боиси, ҳар қандай ҳукмдор, халқ менинг сояи давлатим, давру давронимда шундай тўкис, фаровон ҳаётга эришди ва яшамоқда дея заҳн этади ва бу ярим ёлғону ярим ҳақиқатга астойдил ишониб яшайди.
Шу ўринда “ривожланган социализм” даврининг “доҳийси” Леонид Брежнев ҳаётининг сўнгги дамлари ўқувчига ибрат ва сабоқ воситаси ўлароқ хизмат қилиши мумкин. Бу қисмату қадар ҳақида сизга кейинги бобда ҳикоя қиламан.
Навбатдаги бобда икки жаҳонгир шахсият – Амир Темур ва Наполеонларни сўнг манзилга олиб борган хатолари ҳақида сўзламоқчиман.
Воқеа ва ҳодисалар натижасини олдиндан сеза олиш қобилиятига эга бўлган Амир Темур ўттиз беш йиллик салтанати давомида теран закоси, узоқ йиллик сиёсий ва саваш тажрибаси, ўз хатти-ҳаракатига танқидий ёндоша билмоқ феъли атвори билан шундай улкан давлат