Улуғбек хазинаси. Одил Ёкубов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Одил Ёкубов
Издательство: Kitobxon
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
букун-эрта доруссалтана Самарқандга кириб келадур, болам…

      Шайх унга қараб гапираётганини, ундан жавоб кутаётганини билса ҳам, Қаландар бошини кўтармади. У нима дейишини, шайх ҳазратларининг бу гапига қандай жавоб беришини билмас эди. Гарчи у, Мирзо Абдуллатиф лашкар тортиб келаётганини эшитган бўлса ҳам, шайх ҳазратларининг айтганлари кўнглини ағдартўнтар қилиб юборди. Нечун? Ё даҳрий шоҳга ачинганиданми? Ўзинг афв эт, парвардигори олам. Ва лекин… бу шайх не дейди? Осий бандангнинг қай бири даҳрий, қай бири имони басаломат муслимин, ёлғиз ўзингга аён эмасми, худованди карим?..

      – Нечун индамайсен, дарвеш?

      – Сўзингизни мулоҳаза қилмоқдамен, пирим. Филҳақиқат, ҳақ таолога шоҳу гадо баробардур…

      – Камоҳува ҳуққуҳу! – деди шайх. – Иншооллоҳ, эндиликда даҳрий шоҳнинг гуноҳ ишларига чек қўйилур. Диёнатсиз алломалар, иншооллоҳ, Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдалур. Мова роуннаҳрда динул ислом камол топадур! Илоҳи омин! – Шайх юзига фотиҳа тортиб, яна Қарноқийга тикилди.

      – Бўтам Қаландар! – деди у, хиёл сукут қилгач, – Мирзо Улуғбек қилган шароратларидин бири – расадхонадур. Расадхонадаги мажусийлар ва бединлар битган китоблардур, болам. Бизга муҳаққақ хабар келдиким, ул диёнатсиз шоҳ бу куфр даргоҳга йиғилган бединлар китобини яширмоқни ният қилибдур ҳам бул гуноҳи азим юмушни бетавфиқ шогирди Али Қушчига топширибдур! Боз хабар келдиким, Мирзо Улуғбек бу иш учун бадкирдор Али Қушчига кўп тилла ва бойлик инъом этибдур!.. Бундан хабаринг йўқму?

      Қаландар ялт этиб қаради. Шайх ҳазратлари олдинга эгилганча унга қадалиб қолган эди.

      – Йўқ, пирим, ўлимдан хабарим бор, аммо биллоҳ, бундан хабарим йўқдур…

      Шайх Низомиддин Хомуш кўзини ундан узиб, бош ирғади.

      – Сени чақирмоқдан мурод шулким, бу фариштасиз даргоҳга ва беимон Али Қушчига кўз-қулоқ бўлиб турғайсен. Зероким, жаннатмакон Амир Темур тиллаларини, даҳрий шоҳнинг макруҳ китобларини яширмоққа йўл қўймоқ – гуноҳи азимдур. Мана! – Шайх ҳазратлари ёстиғининг тагидан икки букланган бир қоғоз олиб кўрсатди. – Муршиди муқтадо эшон Убайдулла Хўжа Аҳрор ҳазратлари Шошдин мактуб йўллаб, бул юмушни қаттиқ тайинлабдурлар. Ул шайхул машойих букун-эрта доруссалтанага йўл оладурлар… Нечун индамайсен?

      Шайхнинг овозида шундай совуқ бир қатъият, важоҳатида шундай зўр шиддат, ёниб турган кўзларида шундай бир сеҳр бор эдики, Қаландар довдираб:

      – Бандаи ожиз не дейман? Пиримнинг амри вожиб эрур! – деб юборди.

      Шайх ҳазратлари бош ирғаб маъқуллади-да, важоҳатини ўзгартирмай давом этди:

      – Бу ишда фаромушлик қилиб бўлмайдур. Туну кун расадхона теварагидан кетмагил! Баттол Али Қушчини кўз остингдан қўймагил!

      “Ё раббий! Қайси гуноҳларим учун фақирнинг бошига бу савдоларни юкладинг? Ҳамду сано ўқиб, хилватда ётмоқ ўрнига айғоқчилик қилсам! Мусофирликда бошимни силаган устодларимнинг яхшилиғига ёмонлик қайтарсам!…”

      – Ҳамма юмуш хуфия бўлмоғи лозим, – деди шайх. – Зероким, шаҳзодаи валиаҳд Абдуллатиф доруссалтанани забт этиб, тахтга