Баҳонани Тўтиёнинг ўзи топиб берди.
– Яхши кўрган қизингиз йўқми? – деб сўради у учрашувлардан бирида.
– Йўқ, шу пайтгача яхши кўришга арзийдиган қизни учратмадим… сиздан бошқа, – деди йигит.
Тўтиё қизарди. Бу гап ёққанини билдириб қўйди.
– Сиз эса… синглимсиз, холос. Ё… синглимдан ҳам яқинроқ бўлишни истармидингиз?
– Сингилдан яқин ким бўлади? – деб сўради Тўтиё.
– Сингилдан яқин севикли ёр, ёстиқдош маҳрам, вафодор маҳбуба-да, азизам, – деди Миртожи. – Менга… кўнглингиз қандай?
– Ғалати савол, – деди ўпкалаган оҳангда Тўтиё. – Нима деганингиз бу?
– Бу… Сизни яхши кўраман, сиз ҳам мени яхши кўрасизми, деганим Тўтиё.
– Яхши кўрсангиз, совчи қўйиб, ота-онамнинг розилигини олинг.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз розимисиз?
– Ота-онам рози бўлса, розиман…
– Жоним, азизам, севгилим, гўзалим!
Миртожи шу сўзларни айтиб, Тўтиёни бағрига босди. Юзидан ўпди. Тўтиё йигит кишининг қучоғига илк бор тушаётгани учун дафъатан саросимага тушиб, қаршилик қилишга улгурмади. Аввал юзида, сўнгра лабларида Миртожининг иссиқ нафасини ҳис этиб, боши айланди. Бир зум чойга тушган қанддек эриб мажолсизланди. Ногаҳон Миртожининг қўллари кўйлакларининг тугмаларини ечгач, қиз ўзига келди. Миртожининг кўксидан итарди, қучоғидан сирғалиб чиқди. Шоша-пиша кўйлакларининг тугмаларини қадади.
– Уялмайсизми, ахир… Ҳали тўй бўлмасдан, – деди ўпкаланиб.
– Тўй бўлади, жоним, тўй албатта бўлади…
ТЎЙДАН КЕЙИНГИ МУНОЗАРА ЁКИ ЧИМИЛДИҚДАГИ ТАНИШУВ
Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалгач, қуда томонлар ўртасида қисқа, лекин кескин мунозара бўлди.
– Миртожибой, дўстим, мени бунақа шарманда қиласиз деб ўйламагандим, – деди Қолдибек.
– Қанақа шармандалик? Қизиқмисиз? Ҳаммаси рисоладагидек бўлди-ку. Лайло бўлмаса, ана Шаҳло. Ҳар қалай тўй бузилмади-ку!
– Лайло қизингизнинг яхши кўргани бор экан, аввалроқ айтмаганмиди?
– Айтмаган. Лайло ҳеч кимни яхши кўрган эмас. Афтидан, уни мажбурлаб олиб қочишган. Мен ўша аблаҳни ернинг остидан бўлсаям топиб, жазосини бераман.
– Ўз оёғи билан чиқиб кетди, деяпти-ку. Шундоқми Фарҳод, айт-чи, – деди нарироқда турган ўғлини чақириб.
– Ҳа, сочимни тузатиб келаман, деб чиққанди…
– Билмадим-билмадим. Аммо қизимнинг бунақа қилиши сираям ақлга сиғмайди. Майли, бу томонини бизга қўйиб беринглар. Шаҳло қизим Лайлодан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Шаҳло! Бери кел қизим!
Шаҳло нарироқда – ўз онаси ва қайнона бўлмиш аёл қуршовида турарди. Сал ийманиб, эркаклар ёнига келди.
– Аввало, оиламиз шаънини сақлаш мақсадида қилган бу ишинг учун сендан у дунёю бу дунё розиман, – деди Миртожи. – Эндиги гап шуки, Фарҳодга садоқатли хотин, дўстим Қолдибек ва оиласига яхши келин бўлиб, юзимизни ерга қаратма! Фарҳодбек, ўғлим. Сиз… мард йигитсиз. Бизнинг