– Яхши, сергак бўлинглар, меҳмонлар қаровсиз қолмасин, – деди Миртожи ва ўзи сезмаган ҳолда: “Ҳеч уйланишга тўймас экан-да, бу Отабой ота”, дея ғудраниб қўйди.
Дарвоқе, чиндан ҳам худди шу соатларда шаҳарнинг бошқа бир бурчагида яна бир тўй авжига чиққан эди. Бу тўйнинг асъасаю дабдабаси Миртожибойнинг қизиники сингари зоҳиран, яъни очиқ кўринмас, бироқ ботинан жуда сарбаланд эди. Яъни…
“Империал” деб аталмиш шаклан мўъжазгина, лекин ниҳоятда ҳашаматли, идиш-товоғидан тортиб, қошиқ-санчқисигача ўта қимматбаҳо – киборона ресторанда шаҳардаги “оғзи катта”лардан бири – Отабой Шавқиев ҳам… уйланмоқда эди.
Ёши олтмишни қоралаб қолган бу одамнинг кимлиги, нечанчи марта ва кимга уйланаётганлиги ҳақида ҳозир муфассал фикр юритмоқчи эмасмиз. Илло мавриди келганда, ҳаммасини ипидан-игнасигача билиб оласиз. Ҳозирча эса бу ҳақда қисқа ва юзаки бир маълумот бериб қўйиш билан чекланиб, асосий воқеаларимиз силсиласига қайтамиз. Ушбу силсиланинг қоқ ўртасига Шавқиевнинг тўйи ҳақидаги эслатмани киргизиб ўтганимизнинг боиси эса бир пайтга тўғри келиб қолганини таъкидлаш, холос. Уларни муқояса этиш эмас. Асосий сабаб – бу икки тўйнинг воқеан бир-бирига алоқадор экани, шу билан биргаликда, Отабой ота деб аталувчи бу анчайин ҳурматли зотнинг асаримизда ўзига хос ва ўзига мос ўрни борлиги билан боғлиқ. Шунга қарамасдан, ҳозирча биз унинг ва келиннинг исми-шарифи ҳамда кўҳна, лекин ҳамиша навқирон ушбу куёвтўранинг навбатдаги тўйларидан бири бўлаётгани ҳақида қисқача баёнот бериш билан чегараланамиз, холос. Ҳа, айтганча, бу тўйда одам кўп эмас. Нари борса, эллик-олтмиш чоғли киши. Аммо… қанақа кишилар! Ҳар бири ўн, юз, минг кишига татийдиган, ўйлашларича, юқори тоифали шахслар, бир сўз билан айтганда – киборлар. Улар олтин рангли шоҳсупа устида ёнма-ён ўтирган салобатли Отабой ота ва ойдай тўлиб ўтирган Ойчирой ойимга қараб, ўқтин-ўқтин:
– О-о! О-о! О-о! – деб қўйишар, бу куёв ва келин исмларининг биринчи ҳарфлари эмас, келиннинг нақадар ёш, нечоғлик гўзал эканлиги боис туғилган ҳадду ҳисобсиз ҳайрат ифодаси эди.
Тўйда ўртакашлик қилаётган халқ шоири Саноий жаноблари ҳам бу ҳайратга шерик эди ва ҳар икки гапининг бирини:
– Исмлари жисмларига ва бир-бирларига мосу монанд куёвтўра ва келинпошша, – деб бошлар ҳамда табрикларнинг деярли ҳаммасига қўшимча қилиб:
– Илойим айтганингиз келиб, Отабой акамиз қўчқордай ўғилларга ота, Ойчирой янгамиз бахтиёр она бўлиб юрсинлар, – деб қўяр эди.
Куёвтўра ҳар ана шу қўшимчани эшитар экан:
– Иншоолло… Ё илоҳо… Илоҳим… – деб пичирлар эди.
ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛ АВВАЛ
Тоғлар қўйнидаги Шакарсой қишлоғи. Қуюқ арчазорлар бағридан бошланиб, улкан тошларга урила-урила шовуллаб пастга оқувчи чучук сувли кичик дарё соҳилида жойлашгани учун бу қишлоқни шундай деб аташади. Унинг аксар аҳолиси тоғда йилқичилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланади. Бу ернинг