– Ўртамиздаги бола ҳурмати… ўғлимга раҳм қилинг. Ёш, ғўр, нима иш қилаётганини тушунмаган, у қайтиб келади. Келиб сиздан кечирим сўрайди, – деди.
Миртожи иккиланиб қолди. Демак… Тўтиёнинг қизи ундан. Тўтиё бугун очиқ айтди. Ёки… Нозимни аясин деб, атайин шундай дедими? Йўғ-е, бунақаси бўлмайди.
– Сен… Сиз ҳам мени кечирасизми шунда, – деб сўради қўполроқ оҳангда. Миртожининг ҳозирги ҳолатида ундан бошқача оҳанг кутишнинг иложи ҳам йўқ эди.
– Мен сизни… кечирганман. Ўртамиздаги муносабатни Нозимга айтмаганман. Бундан анча йиллар олдин тасодифан билиб қолган. Раҳматли эрим… жаҳл устида гапириб юборганди… Ёш-да… Бўлмаса мен унга “ўчакишиб юрма” деб кўп тайинлагандим.
– Майли, бўлар иш бўлибди, – деди Миртожи. – Ҳозир буларни муҳокама қилиб ўтиришга вақт йўқ.
– Қизим… сизники эканини Нозимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Қизимнинг ўзиям.
Бу гаплар Миртожининг қулоғига кирмади. Унинг хаёли шу тобда қандай қилиб тўйни бузмасдан ниҳоясига етказишга қаратилганди.
– Нозимнинг… йўқлигини тўй ўтгунча ҳеч ким билмасин, – деди бир муддатлик сукутдан сўнг қўрс оҳангда. Тўтиё бундан хафа бўлгани йўқ. Нозимнинг ўрнига бошқа бир йигитни олиб келиб, ўтқазиб қўйганидан ҳам хафа бўлмади. Тўй иштирокчилари ўз табрик сўзларида: “Нозимжон ва Лайлохонларга бахт тилаймиз” дейишда давом этганларини кўргач, деярли тинчланди. “Миртожи билан гаплашаман… Ўзим Россияга бориб, Нозимни топиб келиб, ундан кечирим сўраттираман. У Лайло билан яшайди, дейман”, – дея режалаштирди. Тўй тугагач, Миртожига шу сўзларни айтди. Аммо Миртожи қулоқ солмади. Ҳатто хайрлашмади ҳам. Мана энди… Ўтган куни одамини юбориб, тўйларингда қатнашаман депти. Ҳатто пул бермоқчи бўлди. Демак, иш ярашишга қараб боряпти. Худога шукр…
Миртожи тўйга иккита “Мерседес”да Қўшоқбой, яна икки навкари билан бирга келди. Навкарлардан бири қўйни етаклаб, иккинчиси гиламни кўтариб киришди. Тўй аҳли бу олиймақом меҳмонларга алланечук ҳайрат билан қаради. Тўтиё мажбуранми ё астойдилми, ҳар қалай оғзи қулоғига етиб жилмайди, қўлини кўксига қўйиб: “Хуш келибсизлар”, деди.
Миртожибой Тўтиёнинг кўксига босилган оппоқ қўллари, чиройли бўйнига боқиб, бундан чорак аср илгариги Тўтиёни кўргандек бўлди. Чўнтагидаги алоҳида қоғозга ўралган марварид мунчоқни ўнг қўлида қисимлаб, унга яқин борди.
– Тўйлар муборак! – деди, сўнгра кўришаётгандек бўлиб қўл узатди. Тўтиё ҳам қўл чўзишга мажбур бўлди. Шу пайт Миртожибой мунчоқни унинг кафтига қистириб юборди. Тўтиё паст овозда:
– Вой, нима кераги бор, ҳожати йўқ, – дея олди, холос. Қудалари “Тўёнага пул берди”, деб ўйлашди. Улар аввалги тўйга боришмаган. Нозимнинг