Бир хаёли: “Мана, тўйни бузиб, Миртожини эларо шарманда қилиб, Лайлони олиб қочдинг, мақсадингга эришдинг, қасос олдинг, энди тўй қилиб, тинчгина яша”, дерди.
Иккинчи хаёл: “Бу ҳали қасос эмас. Сен Миртожини буткул синдира олмадинг, тўйини бузолмадинг. Лайлонинг ўрнига Шаҳло узатилиб, ҳаммаси бости-бости бўлиб кетди, шунинг учун ҳам кучлироқ қасос олишинг керак”, дерди.
Шу боис у тўйни ўтказишга розилик бермай, Лайлони олиб Россияга кетишни, у ёқдан опасини йиғлатиб юрган Баҳодирни топиб келишни режалаштира бошлади. “Баҳодирни топиб келсам, икки тўйни бир қилиб ўтказамиз, бу орада Миртожибой яна бироз азият чекиб турсин”, деб ўйларди у.
Лайло Нозим билан Россияга кетишга аввал рози бўлмади. “Тўйни ўтказиб, кейин истаган жойингизга олиб кетаверинг”, деди.
– Унда мен ўзим кетаман, – деди Нозим ва бирдан миясига келган бошқа бир фикрдан каловланиб қолди.
– Ҳо-о, мен ўлсам ҳам қолмасман, – деди Лайло. – Қорнимда бола билан.
– Нима? Бола дедингми? Ҳомиладормисан? Қаёқдан билдинг?
– Билдим-да.
– Ҳазиллашмаяпсанми?
– Бунақа гапнинг ҳазили бўладими?…
Нозим қарорини ўзгартириб, тўйга розилик берди.
НИҲОЯТ ТЎЙ БЎЛАДИ
Нозим билан учрашувга келишилган куни Қўшоқбой оғзи қулоғида учиб етиб келди.
– Бизнинг хўжайин ҳал қилолмайдиган иш йўқ, дегандим-ку сенга, укабой. Баҳодир Исабеков топилди. Нижний Тагилда юрган экан, падарқусур.
– Йўғ-э, ростданми? – деди Нозим хурсанд бўлиб. – Қачон келар экан?
– Эрта-индин олиб келишади, хавотирланма. Сен, ука, энди тўйнинг ташвишини ўйла. Мир акам келаётган якшанбада совчиларингни кутади. Бир кунда унаштиришни, тўйнинг маслаҳатини қиламиз. Қаерда, қачон…
– Тўйни мана шу шаҳарда, энг катта “Наврўз” ресторанида ўтказамиз, – деди Нозим мийиғида кулиб.
– “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” деганлар ука.
– Нима? Миртожибой сичқонми?
– Миртожибой-ку сичқон эмас, фил. Аммо-лекин йигитлик ғурури, деган гаплар бўларди… Тўйни ўзингиз эплолмайсизми?
– Биз бир етиммиз, ака. Мен бир амаллаб опамни узатиб юбориб, кейин ўзимнинг тўйимга киришмоқчи эдим. Ўзларингиз шоширяпсизлар…
– Шоширмай нима қилайлик, қизни олиб қочиб келиб ўтирган бўлсангиз. Ҳалиям… Мир акам кечирди-я… Бўпти. “Наврўз” бўлса “Наврўз”да. Демак, келаётган якшанбада совчи кутамиз. Опангнинг тўйига ул-бул ёрдам керак бўлса, уялмай айтаверасан, ёрдам берамиз.
– Раҳмат. Уларнинг тўйини ўзимизнинг қишлоқда, рисоладагидек қилиб ўтказамиз. Ишқилиб, Баҳодир… яна келмай қолмаса бўлгани.
– Келади, келади. Кеча йўлга чиққан. Айтганча, ўзиям жўнаб турган экан. Бир қанча пул қилибди тўйга атаб. Сен бекор хавотирланиб юрган экансан. У қурғур анча бойвачча экан. Опангнинг бахти очилиб кетади энди.
Якшанба куни Миртожибойникида мўъжазгина унаштириш маросими бўлди. Куёв томондан