Хаёллари олиб қочди. У ҳозир, шу зумда дам олишга келгани, тамадди қилиб бўлгани, бошқалар қатори сув бўйига тапир-тупур югуриши кераклигини унутди. Ҳатто, ёнидан ўтаётган официанткалар, дам олувчиларни кўрмас, сезмас ва фаҳмламас, бирмунча вақт шу куйда эди, тепасида пайдо бўлган таниш официанткани: «сизни раҳбар сўраяпти, илтимос, мен билан юринг», деган сўзидан сўнг ўзига келди. Нега сўраяпти, боришим шартми, бормайман, деган ўйга ҳам борди, керак бўлса ўзи келар, шу дамда, ўрнимдан туришимни ўзи ғирт тентаклик.
У қўзғалмади ва бошини буриб, яна денгиз соҳилларига қаратди.
Шунда официантка бошқа гап айтди: Қуддус батоно бошларига оғир иш тушди. Балки, кириб ҳол-аҳвол сўрарсиз.
− Ростданми?
Қалдирғоч, бу гапдан кейин, шитоб билан ўрнидан турди-да, унга эргашди.
Беш-ўн қадам юрмасларидан зални бошдан-охиригача ошхонадан ажратиб турган тўсиқ орқасига ўтиб, шеф-повар деган ёзувли хонани эшигини тақиллатган официантка, киринг деган бўғиқ овоздан сўнг эшикни очиб, Қалдирғочни ичкарига йўллади.
Янга кирди.
Ўртача хона. Тўрда раҳбар столи. Ўнг тарафда кирган заҳоти кўринмайдиган тарафда диван кресло “г” ҳарфи шаклида, олдидаги журнал столида яхши вино, бокаллар ва шоколад қутиси.
− Нега алдадингиз! Бу нима маскарад? Бошингизга чиндан ташвиш тушган деб ўйлагандим.
− Бу синов эмас. Ишонинг! Қийин аҳволдаман. Сизни кўргим келди.
− Раҳмат. Мана кўрдингиз. Энди кетсам ҳам бўлар, − деди Қалдирғоч эшикда тик турганча.
− Ўтиринг, кетманг, илтимос.
− Йўқ, хайр!
Шундай деб Қалдирғоч ўгирилганди, ортидан: «сизни яхши кўриб қолдим. Олдингизга боришга журъат этолмай, ҳар куни хонам ойнасидан кузатаман. Умидсизлик бўлса ҳам айтдим», деди йигит. Янга индамай эшитди, бир зум қотиб турди-да, бошини мағрур тутганча бу хонани тарк этди.
Курорт ҳудудида анча айланиб юрди. Ўйга тушиб, севилиш бахтига муяссар бўлибман. Ҳиссиётдан узоқ пандавақи одамнинг эмас, ўзига қараган, нозиктабиат йигит муҳаббати. Ажабо. Мендачи, унга нисбатан бирор туйғу борми? Йўқ. Уйғонсаям уят-а?! Пок номимни шубҳага солиш билан баробар. Унинг вақтинчалик ис берадиган букетига навбатдаги гул бўлиб қўшилмоқ кимга ҳам керак…
Мактабда ўқиган йиллари у анча дуркун, кўзга яқин қиз эди. Юқори синф ўсмирлари гап ташлаб қўйишмасди. Фақат отасининг қаттиқ туришидан қиз уларга эътибор бермас, дарсдан ташқари вақтда йигитлар билан ҳангомалашиб турганини ҳеч ким кўрмаган, ўшанга, шу ҳуснига у одамови ўсди. Ўқиш, дарс биринчи ўринда, вақти уй ишлари, дарс тайёрлаш ва мактабда ўтган машғулотларига банд бўлди. Ўзига жуда эътибор бериб кийинмас, мактаб формаси асосий либоси ҳисобланар, илк ишқ туйғулари, биринчи муҳаббатга на вақти, на хоҳиши бўлган, институтда ўқишга кирса-да, тез орада эрга тегиб, ўқишини сиртқига ўтказди. Натижада ўқиш пайтида ҳам бирорта йигит билан учрашиш хаёлига