Поччасининг бу кўнгли бўшлигини шўхликка йўйиб, ҳеч дакки бермайдиган Оловиддин ҳам, тоғасининг қизи ҳам охир-оқибат аттанг деб қолишди. Садир почча ўзи ёқтирадиган навбатдаги сариқ сочли бир жонон учраганда, муҳаббат уни шунчалик савдойи қилиб қўйдики, у оиласидан кечиб, тоғасининг қизи билан расман ажралиб, заводдан бир хонали уй олиб, Кадишев томонга кўчиб ўтди. Буни энди ҳеч ким кутмаганди. Ҳазил-ҳазил билан у вақтинчалик ишқ туғдирган ҳислар гирдоби, ҳаёт, кўча кўрган одамни тақдир бир юз саксон градусга ўзгартириб юбориши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди. Шундан кейин, Қутбиниса Оловиддинни бир қадам ҳам ўзидан йироқлаштирмай, ҳар бир қадамини ўлчаб борадиган бўлди. Аламзада тоғасининг қизи шуни тайинлаган. Эридан ажраб, у келинига ёндошадиган, қайтанга жиянини сал нарсага жеркийдиган одат чиқарди. Чунки эрининг кетиб қолишида уни биринчи айбдор деб ҳисобларди.
10. ҚАЛДИРҒОЧНИ КЎТАРИШДИ
Қалдирғоч фарзанди туғилгач, анча ўзгарди. Кўҳлилиги ортди, юзлари силлиқлашиб, туғруқ, дўхтирлар доим таъкидлайдиган жараён – танада қон алмашишни таъминлаб, бу тусида яққол англашилди. Лекин, энг асосийси, ҳуснидаги ўзгаришлар бўлмай, руҳига хотиржамлик қўниб, одамларнинг туғмаган, Эгам мурувватидан қисган деган тамғаларидан қутилиб, ҳар ерда ўз кўркини, борини ҳеч бир хижолатсиз тақдим эта оладиган мавқега, турмушнинг янги поғонасига етган аёлдек тутишга ҳақлилигида эди. Оилам тўкис бўлди, худога шукр, деб исталган давраларга кириб кета бошлади. Авваллари ортидан: «Шундоқ аёлни фарзанди йўқ-а, эссиз!» – деб ачинишган ёки камситиб айтилган, «нимасига керилади, қисир бўлса, эчкидек сакрашига бало борми?» – деб сал ўйнаб-кулганини гапирганларида эзиларди. Эзилиб ўзини бир чеккагами, панагами олиб, кўпчиликнинг назарига тушишдан қўрқарди. Энди у дамлар ортда қолди.
Қалдирғоч кўзларида мазмун-шижоат, шиддат учқунлари забунлик ўрнини эгаллаб, феълида ҳаётга зўр ишонч ва умид пайдо қилди. Буни ҳамма сезибди. Ўшангами уни оптимистик ҳолатини туман раҳбарлари ва фаоллар йиғилишида пайқаган туман фирқа қўмитасининг биринчи котиби Миндибаев, озгина вақт ўтмай ҳузурига чорлади ва уни таълим бўлимига мудир бўлишга кўндирди. Бу ҳатто кўндириш эмас, партия топшириғи тарзида унга етказилди. Ўроз Турдибаевич