1960-йилларда Қирим татарлари намойишида қатнашгани учун ўлимдан зўрға қочиб қутилганди. Кейинчалик ҳам шоир совет ҳукуматининг унга қилган дўқ-пўписаларига эътибор бермади. Биламанки, бутун ўзбекистонликлар унга ёрдам бериш учун тайёр бўлсалар ҳам, у бошқаларнинг зарар кўрмаслиги учун ёрдамларини қабул қилмас эди. Чунки у ўлим ичидаги қўрқувини ўлдирган инсон эди. Ўлимни ўлдирганлар ўлимдан қўрқмайдилар.
Буюк шоирларнинг, буюк санъаткорларнинг асарлари улар дунёдан ўтгандан кейин ҳам нашр қилинаверади. Айниқса, Рауф Парфи каби улуғ шоирларнинг бокир асарлари, албатта, юзага чиқаверди ва бизда ўзи ҳақидаги янги фикрларни туғилишига сабаб бўлаверади.
Ўзбекистонда Рауф Парфи ҳақидаги бир қатор илмий тадқиқотлар ва бу икки жилдлик танланган асарлари шоирнинг ўз юртида қадр топаётганининг нишонасидир. Бу севинчли ва фахрли бир кўрсаткичдир.Ушбу жилдликлар босилгандан кейин, аминманки, Рауф Парфи ижодига қизиқиш янада кучаяди ва унинг асарлари ҳақида тадқиқотлар яна ҳам кўпаяди.
Бироқ, фақат илмий тадқиқотлар яратишнинг ўзигина етарли эмас. Ўзбекистон маданий оламида Рауф Парфи шахсияти ва шеъриятини тарғиб этиш учун яна кўплаб ишлар қилиш мумкин. Масалан: Рауф Парфи номидаги музей очиш, у ерда шахсий нарсаларини ва асарларининг қўлёзмаларини кўргазмага қўйиш, шоир номидаги жамғарма ташкил қилиш ёки бир тадқиқот маркази очиш, ушбу жамғарма ёки тадқиқот маркази бу мавзуда тадқиқот қилувчи талабаларни стипендия билан таъминлаши, уларни қўллаб-қувватлаши… Булар ҳозирча ақлимга келган фикрлар. Буни дастлаб Рауф Парфи ижодига оид илмий-адабий анжуманлар ташкил қилиш, туғилган ва вафот этган кунларида хотирлаш тадбирлари билан бошласа ҳам бўлади. Шунингдек, Рауф Парфи номини абадийлаштириш ва хориждаги парфишунослар иштирокида халқаро илмий конференциялар ташкил этиш масалаларини ҳам жиддий ўйлаш лозим.
Шеърият ҳали ҳам қадрланадиган мамлакатларда шоирларга ҳурмат бошқача. ХVI асрда Англияда яшаган Шекспир ҳаёти ва ижоди ҳанузгача илмий тадқиқотлар мавзусидир. Ҳар йили ўнлаб илмий тадқиқотлар юзага чиқарилади. Бундай тадқиқотлар турк дунёсида Алишер Навоий, Фузулий ва бошқа кўплаб адабий шахсиятлар учун ҳам қилинмоқда. Рауф Парфи ҳам ана шундай ҳурматга лойиқ шахслардан биридир.
Мен, бир парфишунос ўлароқ, Рауф Парфи асарлари икки жилдлигини нашрга тайёрлаган, уни сўнгсўз ва изоҳлар билан таъминлаган ҳамкасбим филология фанлари номзоди Олим Олтинбеккa ҳамда китобнинг нашр этилишида ўз ёрдамларини аямаган Нийда Ўмар Халисдемир университети ректори Проф. Др. Муҳсин Қаргa, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновга, яна шу университет