– Бу йўлда қўлига қурол олган хотинларни айтмайсизми? Иброҳимбек лақай қўшинига карманалик Нодира қиз бир бўлук тузиб қўшилгани, олтиариқлик Шакархон эркакча кийиниб, Искобил турмасидаги босмачи йигитларни озод қилгани, Холхўжа эшоннинг синглиси Ойшахон акаси билан бир сафда тургани ё ўшлик Ойимча хотун Ўзганда асирларни қутқарганининг ўзи қанчалар жасорат…
– Эҳ, нимасини айтасиз… Уруш қонуниятига кўра, халққа тегилмас, жанггга фақат қўшин кирар, ғалабаси ё мағлубияти ҳалол бўлар эди. Оқпошшо қўшини қора халқми, аскарми, барининг қонини бирдай тўккани халқнинг суягига бориб тақалгани учун қўзғалди, десангиз-чи. Аммо, афсуски, бу ишлардан бирон бир натижа чиқмади…
Кимдир чуқур хўрсинди.
– Шундай бир ўйин бўлдики, дунё қайтадан тақсимлаб олинди. Ўрусия урушда талафот билан чиққани учун уни Янги дунёга яқинлаштирмай, бизнинг ўлкаларни эгаллашига йўл қўйиб беришди. Мунавварқори билан Беҳбудий ҳазратлари Фарангистондаги иттиҳодия йиғинида Оврупа давлатларини Туркистонга ёрдам беришга кўндиришга уриниб кўришди, аммо у давлатлар қуруқ ваъдалар беришдан бошқа ҳеч иш қилишмади. Тўғриси ҳам шу: олис-олислардаги бир ўлкага нега ёрдам беришсин? Шу тариқа, Туркистонимиз ўз жаҳолатига ўзи ўралиб, жон талвасасида қолаберди.
Шу сабабли ҳам оқпошшо ҳукумати аввалбошда хориж ширкатларига йўллар очиб берди, улар бизнинг ўлкаларгача етиб келишди. Бунинг сабаби ватанимиздаги бойликлар эди. Аммо инқилобдан сўнг иқтидорга келган қизиллар барчани алдади: ўзларининг фойдасига ишлайдиган қоидаларни жорий қилиб, уларнинг барини қувиб солишди…
Тўлаган қори бош чайқаб:
– Ҳа, бу аниқ мустамлака бўлди. Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зорлик, тутқунликда қолди. Халқнинг сабр-косаси бир кун тўлади ва бу ҳукуматга қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилоб шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши курашардим!
– Тўлаган қори7 тўғри айтди. Қолдики, эл ўзининг кимлигини унутиб қўймасин. Бу зулматга шўнғир экан, энди қачон қайтиб чиқиши номаълум. Дунё наҳанглари уни ютиб юбормасин, бир кунмас бир кун албатта қайтиб чиқсин, шунда ўзининг ким эканини унутмаган ҳолда қаддини ростласин… Бу гап-сўзлар ҳар биримизнинг қалбимизни оғритади, бироқ нажот қайда?
– Қандай қилиб? Тўплару милтиқларга қарши