Гладиолус. Маматқул Хазратқулов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Маматқул Хазратқулов
Издательство: Adabiyot
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
сиз билан тенг бўлмоқчимасман. Сиз кимсиз – Искандар раиссиз, мен-чи, оддий шофёр. Буни биламан. Лекин сизнинг етимчангиз эмасман! Сиз ҳам шуни билиб қўйинг!

      – Ўчир унингни! – бақирди Искандар раис. – Менга гап қайтаришни ким қўйипти сенга?! Тилингни…

      Бўривой раиснинг гапини охиригача эшитмади. Чапдастлик билан моторни ўчирди-да, машинанинг калитини суғуриб олиб раисга отди:

      – Олинг матаҳингизни! – Унинг тим қора, думалоқ кўзлари яна ҳам йириклашди, рангпар юзлари оқариб кетди. Аъзойи бадани титраб, гапиролмай қолди. – Нима мен… Нима мен… си-и-зга к-калака бўлдимми?.. Катталигингизни бошқа одамга қ-қиласиз… Мен кўтармайман…

      Бўривой шартта машинадан тушди-ю, эшикни зарб билан ёпди. У шаррос қуяётган ёмғирга ҳам, кетма-кет гулдираётган момақалдироққа ҳам парво қилмай илдамлаб кетди. Ўчирилмай қолган машина чироқлари ёруғида раис уни аниқ кўриб турарди. Бўривой кўздан ғойиб бўлгунча икки марта кўлмакка оёғини тиқиб олди. Аммо у ҳеч қаёққа қарамай, ҳеч нарсага эътибор бермай жадал илгарилаб борарди.

      Раис ҳанг-манг бўлиб қолди. Бўривойнинг бу даражага боришини етти ухлаб тушида кўрмаганди. Бўлмаса, бунақа ғиди-бидилар, э-ҳе, неча марта бўлган. Ҳаммасида ҳам Бўривой ранжиган, кўнглига олган, аммо елкасини қисиб ишини қилиб кетаверган. “Бугун нимага бундай қилди? Қаердан пайдо бўлди бу юрак унда? Ё биров ўргатдимикан?.. Ҳаммасини кўнглига тугиб, пайт пойлаб юрган экан-да. Ҳа, тирмизак, роса вақтини топди лекин”.

      Раис босиб-босиб сигарет тортди. Ёмғир зўрайгандан-зўраяр, машинанинг устида биров ўйинга тушаётгандай дапир-дупир қиларди. Ялт этиб чақмоқ чақди. Раис беихтиёр Ёмонжардаги Бургутқояга қаради. Болалигида Ёмонжар, Бургутқоя ҳақида кўп ваҳимали гаплар эшитганди. Ҳозир уларни эслашга ҳам юраги дов бермасди. Назарида баҳайбат қоя момақалдироқ зарбидан қулаб тушаётгандек туюлди. “Падарингга лаънат. Келиб-келиб шу ерда қолдирасанми?!” Раис жаҳл билан тишларини ғижирлатди. Ҳайдовчиси ҳозир олдида бўлса бўридай ғажиб ташларди. “Ҳеҳ, тавба, камбағалнинг орқа томири таранг бўлади, деб бекорга айтишмасакан-да. Сенга ким қўйипти дўнгмўйинликни. Ундан кўра, ака деб қўлтиғимга кирмайсанми аҳмоқ. Бу туришингда гўр бўлармидинг. Ҳаммагаям шунақа хўққилик қилсанг, йиғиштир тахта-ўқловингни деб орқангга тепадики… Сенинг ҳалоллигингу, ор-номусинг – ҳаммаси бир пул… Ҳали кўзи очилмаган кучукваччасан. Эҳ, гўдак! Осмонда юрганга ўхшайсан. Шошмай тур, ўзим тушириб қўяман ерга. Шунда очилади ўша кўр кўзларинг…”

      Ёмғир тобора авжига чиқар, йўллар, ариқлар бўтана сувга тўлиб оқарди. Раис дам-бадам Бургутқояга қараб қўйди. Ёмонжар томондан ниманингдир увиллаётгани эшитилди. Раиснинг эти увушиб, баданига чумоли ўрмалагандай туюлди. Бу қўрқувданми, совуқданми – англолмади. Бир мишиқи шу қора ёмғирли тунда нотавон қилиб кетгани алам қилди унга. Бўривойнинг орқасидан югурмоқчи, унга етиб олиб роса калтакламоқчи бўлди. “Адабини бериб қўймасам… Тўхта, Искандар! Нималар деяпсан? Урасан. Кимни? Ўғлинг қатори бола билан ёқалашиб ўтирасанми? Йўқ, у безбет ҳеч нарсадан