Бир-бир не дейин, бошдин аёғинг яхши.
Навоий ҳазратлари шу рубоийсини сизга бағишлагандай гўё.
Азиза кулди. Жалилнинг мақтовлари унга ёқаётгани сезилиб турарди.
– Ў-ҳў, жуда ошириб юбордингиз-ку. Навоий қаёқда-ю биз қаёқда.
Шу куни кечгача гашлашдилар. Аммо таржиманинг бор-йўғи беш бети кўрилди, холос.
Китобнинг таржимаси салкам ярим йилга чўзилди. Иккаласи ҳар бир жумла, баъзан бир сўз борасида узоқ тортишган пайтлар бўлди. Бу аснода Жалил қанча ғазаллар ўқиди, Азиза не-не мусиқаларни ижро этди, ашулалар куйлади. Бундай ҳамкорликда ишлаш Жалилга ҳам, Азизага ҳам хуш келди. Бошида бу китобни таржима қилгунимча она сутим оғзимга келса керак, деб ўйлаганди Жалил. Аммо бир-икки бобини ўгириш ва Азиза билан ҳамкорликда ишлаш жараёнида мусиқага, мусиқа илмига ишқи кучайди. Олдин таржимани қачон битираман, деб ўйлаган бўлса, кейинчалик уни тугатишни пайсалга сола бошлади.
Ҳар бир ишнинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади. Таржима ҳам тугади. Китоб нашриётга топширилди…
Яна жиринглади Жалил Ниёзовичнинг телефони. Яна ёрдамчиси. Сал малолланиб олди телефонни.
– Яна нима гап, Феруз?
– Эртага соат тўққизда йиғилиш боракан.
– Қаерда?
– Вазирликда, – деди Феруз.
Йиғилиш қайси масала бўйича, ким ўткизади – сўрамади. Ёрдамчисининг гапини кесди.
– Биринчи ўринбосар борсин… Мени сўраса, бетоб десин, – шундай дедию, телефонини ўчирди.
Жалил илмий иши бўйича домласи айтган таклифларни ишлаб ўтирганди, телефонга чақиришди.
– Лаббай, – деди Жалил гўшакни оларкан.
Ўзига қадрдон қўнғироқдай овоз жаранглади:
– Жалил, мани табрикланг… Китоб чиқди, бугун етти нусха беришди.
Жалилнинг юраги ҳаприқиб кетди. Худди ўзининг китоби чиққандай астойдил суюнди.
– Табриклайман, чин қалбимдан табриклайман, – деди ҳаяжон билан. – Азиза… мен ҳозир…
Гўшакни қўйдию, хонасига югурди. Стол устидаги қоғозларини апил-тапил йиғиштирди-да, кўчага отилди. Учинчи қаватдан зиналардан эмас, гўё қанот боғлаб учиб тушди.
Бир соатлардан кейин Азизанинг эшиги қўнғироғи қаттиқ жиринглади. Азизанинг юраги гупиллаб урди. У сезди, у билди – Жалил келди. Эшикни очди. Остонада бир қучоқ оловдай қип-қизил гладиолус кўтариб Жалил турарди. У таклифни ҳам кутмай, ичкарига кирди. Азиза оппоқ, нозик қўлларини Жалилнинг бўйнига солди. У биринчи марта Жалилни қучоқлади, астойдил, меҳр билан, муҳаббат ила қучди.
Йигит буни кутмаган эди. Бирзум ўзини йўқотди. Аёлнинг кўзларига термулди. Унинг кўзлари шу қадар яшнаб турардики, Жалил ўзини тиёлмади. Ўша кўзларга лабини босди. Сўнг уларнинг лаблари қовушди. Бу ҳолат қанча давом этди, Жалил билмайди, аммо бир умрга муҳрланди бу лаҳзалар. Қачон эсига тушса, бутун вужуди титраб кетади, Азизанинг ақиқ дудоқлари таъми ҳали ҳам лабида тургандай бир тамшаниб қўяди.
Азиза секин, жуда секин шивирлади:
– Раҳмат сизга, жо…