Қадимги Хитой, юнон ва Рим мутафаккирлари Конфуций, Сократ, Платон, Аристотель, Цицерон кабиларнинг давлат ва жамият, сиёсий муносабатларга доир таълимотлари фуқаролик жамиятига доир илк тасаввурларни шакллантирди, шунингдек, улар фуқаролик жамиятининг асосий унсурларини чуқур тадқиқ этдилар. Шу билан бирга, мазкур мутафаккирларнинг илмий мероси ўрта асрлардаги араб-мусулмон фалсафасини шаклланиши ва ривожланишида муҳим ўрин тутди ва у ўз ўрнида Европа фалсафий ва сиёсий қарашларини ривожланишига катта ҳисса қўшди.
3. Сиёсат ва сиёсий муносабатларни христианлик нуқтаи назаридан талқин қилишга уринишлар
Рим империясида 313 йилга келиб христианлик империядаги динлар билан тенг ҳуқуқли дин сифатида расман эълон қилинади. 324 йилда эса у давлат дини мақомига эришди. Шу даврдан бошлаб христианлик динининг сиёсат ва сиёсий муносабатларга доир қарашлари ривожлана бошлади. Бу пайтда энг кўзга кўринган олим Аврелий Августиндир (354–430 йй.) . У дастлаб манихей диний оқимига берилади. Унда интеллектуалликни тополмаган Августин скептицизм билан шуғуллана бошлайди. Лекин, у ўзини қизиқтирган муаммоларга неоплатонизмдан жавоблар топади. У охир-оқибатда христианлик неоплатонизмдан назарий жиҳатдан қуйида бўлса ҳам, лекин маънавий жиҳатдан ундан анча баланд эканлиги учун христианлик таълимоти билан шуғуллана бошлайди. Миланда машҳур епископ Амброзия даъватлари асосида ўз умрини черковга бағишлайди. Кейинчалик шимолий Африкага қайтиб, умрини охиригача епископ мансабида ишлайди27 .
Сиёсий фикрлар тарихида христиан диний анъанасининг энг классик кўриниши А. Августин ишлаб чиққан сиёсий назарияларда ўз ифодасини топди. Унинг асарларида христиан черкови давлатдан ҳам устун туришига муҳим аҳамият берилди. Унинг фикрича, “Черковга бўйсунмаган давлат қасоскорлар тўдасидан фарқ қилмайди”. Шунингдек, у одамларни “илоҳий одам” ва “ердаги одам” тоифаларига ажратади. У христианлик билан неоплатонизмни бир-бирига уйғунлаштиради.
Августин асарларида маънавият (дин) ва сиёсат ўртасидаги фарқланишлар яхши очиб берилмаган. Лекин, унинг фикрича, “давлат бевосита маънавий функцияларни бажариши лозим. Давлат ёвузлик устидан авторитар назоратни амалга оширади. Давлат одамларни тўғри йўлдан озишдан сақлайди. Ерга ҳали гуноҳ етиб келмасдан туриб барча одамлар ўзаро тенг бўлиб, улар ўз табиатига кўра ижтимоий мавжудот эди. Лекин одамларни гуноҳ қилишга мойиллиги уюшган давлат тизимини зарурат қилиб қўйди, жазолаш