Гулки яшнаб, ўзни хандон айлагай,
Менга деб чун ўзни жонон айлагай.
770 Парда ортидин чиқиб, ҳозир эса,
Лабларида кулгуси зоҳир эса.
Бир кеча кечгайму булбул ишқидин,
Ҳар замон кулгувчи ул гул ишқидин?
ҲУДҲУДНИНГ БУЛБУЛГА ЖАВОБИ
Ҳудҳуд айтди: эйки сен сувратга қул,
Ишқи раънодин нарига ўтмагил.
Гулни севдинг, ул тиконлар шайлади,
Неча бир заҳму зиёнлар айлади.
Гул деган не эрмиш ул, соҳибжамол,
Ҳусни рўйи ҳафтада топгай завол.
775 Бўйла бир ишқдин завол келгай фақат,
Аҳли комилга малол келгай фақат.
Ҳар сафар кулганда гулёринг сенинг,
Учди андин нолаю зоринг сенинг.
Кеч у гулдин, гулбаҳор келганда гул
Сенгамас, кулгай сенинг ҳолингга ул.
Ору номус ошно эрса сенга,
Қаҳру заҳрингни сочар эрдинг анга.
ҲИКОЯТ
БИР ФАҚИРНИНГ ШОҲ ҚИЗИГА ОШИҚ
БЎЛГАНИ
Подшонинг бир қизи бор эрди, ой,
Ишқида олам чекарди оҳу вой.
780 Фитна бедорлик била пайваст эрур,
Уйқули кўзлар хумору маст эрур.
Орази гул эрди, сочи мушк эди,
Лабларидин оби ҳайвон хушк эди.
Гар жамолидин кўринса бир нишон,
Ақлу ҳуш мажнун бўларди шул замон.
Лаблари тотини тотсайди шакар,
Унда қолмасди шакарликдин асар.
Бенаво дарвеш ўтарди бир кези,
Ногаҳон ул ойга тўқнашди кўзи.
785 Қўлида бир бурда нон эрди, сахо,
Нонни бермишди анга бир нонво73.
Боқди дарвеш, кўрдиким не нозанин,
Йўлга тушди илкидин нони анинг.
Олдидин қиз ўтди гўё ўт бўлиб,
Бир қиёлаб боқдию кетди кулиб.
Ул гадо чун кўрди андоқ кулгуни,
Кўзидин қон оқди, гарқ этди уни.
Бор бисоти бурда нону бурда жон,
Иккисидин ҳам қутулди шул замон.
790 Кеча-кундуз йиғлади, кўз очмади
Ўртаниб куйди, вале сўз очмади.
Ёдига тушганда кулгу, гулузор,
Ул булутдек ёш тўкарди зор-зор.
Етти йил кўйида шайдо юрди ул,
Итлари бирлан-да ётди, турди ул.
Ул санамнинг чўри, хизматкорлари
Бўлдилар бу нарсадин воқиф бари.
Ул жафокорлар кейин жазм этдилар,
Бошини кесмоққа зуд азм этдилар.
795 Қиз уни пинҳона чорлаб, деди: ҳай,
Менга сендек бир гадо эш бўлмагай.
Ўлдирурлар бас сени, ўлтирма, кет,
Эшигим олдида ортиқ турма, кет.
Ул гадо айтди: сени кўргач, санам,
Қўлни ювганмен ҳамон жонимданам.
Неча минг жонларки мендек беқарор,
Бўлсин ул ойдек жамолингга нисор.
Бас, мени ўлдирмоқ истарлар шу тоб,
Бир саволимга, нигоро, бер жавоб.
800 Баски бошим кестирурсен бегумон,
Не сабабдин менга кулдинг ул замон?
Қиз дедиким, билмадингми сен магар,
Не учун кулдим сенга, эй бехабар?
Соч-соқолинг