АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб. РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ
Издательство: Yangi asr avlodi
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
олаётган совуқ қават-қават пахталик нимча-ю, чопонлардан ҳам ўтиб, баданни увиштиради. Увиллаган шамол кўчада қолган кимсанинг юзини пичоқ билан тилиб юбораётгандек юлқилаб ачиштиради.

      Ҳусайн ўтган йилнинг кузидан бошлаб Исмоил Зоҳид исмли фақиҳнинг18 уйига қатнай бошлади. Ундан фиқҳ19 илмидан таҳсил олади. Исмоил Зоҳид отаси тенги бир киши бўлиб, аввалига Ҳусайнга сабоқ беришни қатъий рад этганди.

      – Ўғлингиз жуда ёш, – деганди Абдуллоҳ ибн Ҳасанга. – Фиқҳ ёд олмоқдан иборат илм эмас, ўқиганларини фаҳмлаш, англаш ҳамдир. Фиқҳ қоидалари Қуръони карим оятларига асосланади. Буни ўзингиз ҳам билурсиз.

      – Тақсир, ўғлим Қуръонни хатм қилган.

      Исмоил Зоҳид ишонқирамай бир Абдуллоҳга, бир қўлини қовуштириб ўтирган қорача, қирра бурун, озғин болакайга термилди. Лавҳдаги Қуръони каримни варақлаб, саҳифалардан бирида тўхтади.

      – Таҳоратинг борми, ўғлим? – деб сўради.

      Ҳусайн кўзини ердан олиб, Исмоил Зоҳидга қаради:

      – Устоз, бетаҳорат юрмасмен.

      – Балли! Ундай бўлса, кел, мана бу сатрдан бошлаб ўқи-чи? – Исмоил Зоҳид кўрсаткич бармоғи билан зарли нақшлар билан безалган саҳифадаги сурага ишора қилди.

      Ҳусайн лавҳ олдига бориб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб чўк тушди. Саҳифага бир назар ташлади-да:

      – Наҳл сураси, қирқ тўртинчи оят, – деб бошини эгди.

      Бир-икки сатр ўқиди. Шундан сўнг кўзини юмиб, тиловат қила бошлади.

      Исмоил Зоҳид Ҳусайнга тикилганича тошдек қотиб қолди. Боланинг тиниқ, беғубор овози, оҳангларга йўғрилган талаффузи юрагининг туб-тубигача етиб борди. Унинг кўзларидан ёш томчилади.

      – Суранинг тафсирин20 англадингми? – деди бироз сукутдан сўнг.

      – Шундай, тақсир, – Ҳусайн бир ютиниб олди. – “(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик”21.

      – Фиқҳ – энг мўътабар илмлардан биридур. Шуни ҳам билурмисен?

      – “Фиқҳ”нинг маъноси – билмоқ, фаҳмламоқ ва англамоқдур.

      – “Фиқҳ”нинг лисоний маъносин шундай демоғимиз тўғри. Уламолар22 “Охират саодатига эришмоқ учун, аниқ шаръий далиллар асосида фаръий23 амалий ҳукмларни чиқариб олмоқ”, дея таъриф берадилар. Фиқҳ – мусулмон кишиси зиммасидаги ҳаётнинг турфа соҳаларида дуч келадургон юмуш ҳамда ибодатларни тартибловчи илмдур.

      Исмоил Зоҳид яна анча тафсирларни баён қилди. Баъзан тўхтаб, Ҳусайнга савол билан мурожаат этар, тушунган ё тушунмаганини сўрар эди. Ҳусайн эшитганларини сўзма-сўз такрорлаб, англаганларини муфассал баён қилиб борди. Ниҳоят, Исмоил Зоҳид бир муддат ўйга чўмиб қолди. Абдуллоҳ томоқ қириб, фақиҳга юзланди:

      – Тақсир, шогирдликка қабул қилурмисиз?

      Исмоил Зоҳид унга жилмайиб қаради:

      – Илк мухтасар таҳсилимиз якунланди. Келаси сафар иншооллоҳ “Усул ал-фиқҳ” сабоғин бошлармиз.

      * * *

      Бухоронинг