Ярим тунда, ошхонада ҳеч ким бўлмаган пайтларда ғишт ва мум узоқ-узоқ суҳбат қуришаркан. Бир куни мум ғиштдан сўрабди:
– Менга айт-чи, қўшни, сен нега бундай қаттиқсан?
Ғишт жавоб берибди:
– Мен доим ҳам шундай бўлмаганман. Мен ва ака-укаларим ҳаммамиз майин тупроқдан тайёрланганмиз. Аввалига устимиздан сув қуйиб, лой қордилар, кейин роса эзғилаб пишитдилар. Қолипга солиб, ғишт шаклини бергач, оловда пиширишди. Ўчоқдан жарангдор ва қаттиқ бўлиб чиқдик.
– Эҳ, мен сендақа бўлиб қолишни жуда ҳам хоҳлардим! – хўрсинибди мум. – Сен пичоқларни чархлаётганингда кўрган кишининг завқи келади. Агар мен пичоққа бағримни тутсам, у мени бўлаклаб ташлайди… Йўқ, йўқ, кўнглимни кўтарма, юмшоқ бўлиш жуда ҳам ёмон.
Эрталаб уй бекаси ўчоққа ўт қалабди. Олов ғўлаларнинг устида ўйнаб-ўйнаб хушҳол ёнарди.
Шу пайт мум ғиштнинг оловга кириб чиққач, тошдай қаттиқлашиб қолганини эслади. У жавоннинг четига сурилиб келди-да, ўчоқ ёнида ётган тунуканинг устига ўзини ташлади. Ў, бу ер шунақанги иссиқ эканки! Мум ҳудди момиқдай юмшаб, аста эришни бошлади. Рости, агар шу пайт ошхонага хўжайин кириб қолмаганида у бутунлай эриб оқиб кетиши турган гап эди. Айтиб қўяй, уй эгаси қўғирчоқбоз – чодирхаёлчи эди. У ҳовлима-ҳовли юрар, ёғочдан ҳамда латта қийқимларидан ясалган қўғирчоқлари билан қувноқ томошалар кўрсатар эди.
Хўжайин ўчоқдаги кўмир чўғида тамакисини тутатиб олиш учун энгашдию, ғишт каби қаттиқ бўлишни истаган, аммо сал бўлмаса муз каби эриб кетаёзган мумга кўзи тушиб қолди.
– Ғоятда ажойиб, – завқланиб кетди хўжайин, – бу мумдан мен янги қўғирчоқ ясаб оламан.
У худди айтганидай қилди – қўғирчоқ ясаб, унга Пулчинелло деб исм қўйди. Қўғирчоқ шунақанги кулгили чиқдики, унинг қаққайган бурни, қулоғигача етган оғзи ва муғомбиргина кўзларини кўрган одам ўзини кулгидан тўхтатолмасди.
Томоша бошлангач, хўжайин парда ортидан Пулчинеллони чиқарди. Пулчинелло ҳамма томонга бир-бир таъзим қилиб чиқди. Хўжайин эса ингичка овозда унинг номидан гапириб турди:
– Муҳтарам жаноблар! Бир пайтлар мен ғиштвойнинг қаттиқлигидан лол қолиб, унга ҳавасим келарди. Оловда пиширилган ғиштдан уй-жой қуриш мумкин, аммо ундан Пулчинеллони ясаб бўлмайди. Мендан, яъни мумжондан ҳеч қанақа иморат қила олмайсиз, тағин мени ўтдан ҳам узоқроқ тутиш зарур. Аммо мен сизни кулдириб, қувонтира оламан. Шунинг учун, кекса, ёш ва ҳатто митти жаноблар, кўриб турганингиздай, ҲАР КИМ ЎЗ ЎРНИДА ЯХШИ!
Кейин Пулчинелло яна парда ортига қайтди ва томошабинлар мамнун ҳолда уй-уйларига қайтишдилар.
Лекин ажабо, Пулчинеллонинг эгаси ғишт ва мумнинг тунги суҳбатларидан қандай хабардор бўлди экан? Бунинг жавоби оддий. Унинг ўзи бу эртакни тўқиб менга айтиб берди. Мен эса сизларга етказдим. Вассалом.
* * *
Овчи арслон
(Афғон)
Бор экан-да, йўқ экан, бойнинг қорни тўқ экан, камбағал қашшоқ экан, егани нуқул хонаки пишлоқ экан, тоғ йўллари тошлоқ экан,