Армонларин чорлашларинг бор.
Чўлпон билан тонглар кўксида
Чўлпон бўлиб порлашларинг бор.
Менинг “Ўткан кунларим” ўтган,
Жумлалардай жимдир хотирим.
Ёш идрокинг дарсхонасига
Қуёш бўлиб кирар Қодирий.
“Аввал ўқи!” Бу – Ғафур Ғулом,
Билим балқир боқишларидан.
Шеърлар кирар қалбингга энди
Тўполондарё тошқинларидай.
Эзгуликнинг йўллари оғир,
Боғларига найсон бўлгайсан.
Китоб ўқиб – ҳақиқий фарзанд,
Китоб ўқиб инсон бўлгайсан.
Ҳаёт ўзи мушкул китобдир,
Ҳаёт ўзи бергайдир таълим.
Ҳушёр бўл деб, билимдон бўл деб,
Боқиб турар Ойбек муаллим.
Бу дўст сени сотмас ҳеч қачон,
Ёнингдадир шом ва ё наҳор.
Бутун умр бошингда турар
Оқ булутдай Абдулла Қаҳҳор.
Улуғликка чорлагай доим
Улуғларнинг абадий ёди.
Юксалтиргай сени ҳам бир кун
Улуғ Ватан Адабиёти.
КОПТОКЛАР
Исматулла Комилов хотирасига
Хайр, Исмат ака!
Ўйин тугади.
Йиллар ўлим билан тугади.
Бу майдон ҳеч қачон энди тўлмайди,
Синфдошлар футбол деб келмайди.
Мактаб.
Сўнгги қўнғироқлар чинқирар,
Ойналар ҳеч қачон энди синмайди!
Энди умр бўйи кўз ўнгимдан кетмай
Оёқсиз кеталар мени қийнайди.
Хайр, Исмат ака!
Югурар ойлар,
Коптокларни олиб кунлар югурар.
Коптоклар.
Коптоклар.
Коптоклар қолар,
Коптоклардан юлқиб олар мени орзулар.
Сўнг бир кун,
Ғам билан кўкка қарайман:
Узуқ-юлуқ юзиб юрган оёқлар – надир?
Англайман:
Самода булутлар эмас,
“Пахтакор”нинг портлаб кетган коптокларидир!
Теграмда нидолар, фарёдлар, ёдлар,
Видоларга тўлди ўсмир жаҳоним.
Мен ҳам коптогимни кўкларга тепдим,
Қайтариб бермади уни осмоним.
Сизни излаб юрар кўклам еллари,
Сизни кўрмоқ истаб гуллар бутоқлар.
Мени қалбда қолган сўзлардек қийнар
Йилларнинг тўрида қолган коптоклар.
РУҲИМ ХАРИТАСИ
Мен – кичик мамлакат,
Йиллар – шаҳарларим,
Ойлар – аҳолиси шаҳарларимнинг,
Кунлар – ойларимнинг болалигидир.
Мен – кичик мамлакат,
Пойтахтим – умрим.
Бу пойтахтнинг ёлғиз ҳомийси,
Ёлғиз аҳолиси – мен бўламан.
Қолгани сайёҳлар.
Мен – кичик мамлакат,
Хотирам – музей,
Туман ойналари остида унда
Сақланади менинг ўтмишим –
Менинг тарихимнинг алифболари.
Мен – кичик мамлакат,
Туғилиш, ўлим –
Географик майдоним шулдир.
Вақтнинг чигал харитасидан
Ўчирилар пойтахтим – умрим.
Сизларга қолади