Уйғотма ухлаган талаффузларни!
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар –
Айтилган сўзлар.
Сув сўраган каби сувсиз ариқлар,
Меҳр сўрагандай сўзсиз оғриқлар –
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар.
Балки мен шеър эмас,
Тарих ёзяпман –
Айтилган сўзларнинг тарихин…
ИСМ
Гўдаклар қуёшдан нур эмиб,
Талпиниб, интилиб улғайган жойда,
Сойларнинг бўйида дарахтлар
Чўмилиб чиққан жувонлар мисол
Тўпланишиб турган маконда,
Дарёлар мавжига қизлардек отлар
Сочдай ёлларини ювган ерларда
Сен туғилдинг бир ел сингари,
Бир эпкин сингари
ва йўлга тушдинг.
Йиллар нега шоширар мени?
Яқинлашиб келяпсан сен,
Сен келяпсан менинг боғларим,
Менинг саҳроларим остонасига.
Эҳтиёт бўл, изғиринлар бор!
Кўз билан нур тўқнашган каби
Сен тўқнаш келасан ёниқ гулханлар
Атрофида мен қолдирган қўшиқлар
билан.
Оғриқларим дарахтига қўнасан қушдай,
Шаҳрисабзда қизлар билан “Ёр-ёр” айтасан,
Мажнунтолдай эгиласан булоқлар узра.
Йиллар нега шоширар мени?..
Катта орзулар бор кичик юракда,
Дардлар оғирдирлар харсангтошлардай…
Тун,
Қоғозларим саҳросига қора қор ёғар ‒
Менинг ҳарфларим.
Яқинлашиб келяпсан сен,
Яқинлашиб келаётгандай лабга пиёла ‒
Севинчларга лим-лим пиёла,
Шивирлай оламан мен сени, холос…
ЁРУҒЛИК
Тоғлар, ойдин бўлар йўлингиз,
Елкангизга қорларнинг уни
Сепилган.
Боғлар, ойдин бўлар йўлингиз,
Елкангизга сепилган нурлар.
Эсаётган барча еллар оқ,
Қумларингиз оқдир, саҳролар,
Йўлингиз ойдин бўлар.
Тўлқинларнинг оппоқ дуоларида
Далаларнинг орзуси бордир,
Йўлинг ойдин бўлади, дарё.
Икки саҳифадай очилган кафтлар
Юзларга силайди оқ бир дуони.
Оқарган соқолда оппоқ бир оят
Титрайди,
Дуодай оқ йўл тилайди,
Елкангга ун ўрнига,
Сомон йўли сепилган,
Йўлинг ойдин бўлар, йўловчи.
Қарайман дунёга
ва завқланаман:
Қояларда алпинистлардай
Турар эчкилар.
Шукрлар қиламан,
тобутлар эмас,
Кўпдир бешиклар!
Барча мавжудотлар
ўз ўрнидадир,
Айиқларнинг кезар жойи бор,
Қайгадир шошмоқда
типратиконлар,
Борар манзили бор
илонларнинг ҳам.
Қарайман дунёга
ва завқланаман,
Шукрлар қиламан: Яхшиям
Бедана боролмас нашриётларга,
Тўрқовоққа қамаб шоирни
Чойхонада осиб қўймаслар.
Яхшиям ботқоққа