Бадиият жозибаси. Эркин Рахмонов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Эркин Рахмонов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn:
Скачать книгу
“Куз манзаралари” ўз “жони”дан ажралгандек ҳолсизланади. Бу ҳақда ҳали кейинроқ батафсил сўз юритамиз.

      Илми саноеъ шоир ва адиб учун маҳорат мактаби, сеҳргарлик усулларидир: ижодкор ҳар бир гап ёки байтда у ёки бу бадиий санъатни матн ўқимишлилигини, қизиқарлилигини, бадииятини таъминлайди, сўз санъати ва ўз истеъдоди қудратини шу санъатлар орқали намойиш этади. Ўзининг янги фикрий кашфиётини ифодалаш билан матнни безайди. Зотан:

      Балоғат эрур шеър оройиши,

      Агар бўлса бир нукта кунжойиши.10

      Биз, адабиётшунослар, адабиёт илми олимларга аталган, деб ҳисоблаймиз. Ростда, сюжет, композиция, конфликт, фабуланинг китобхонга қизиғи борми? “Илми саноеъ” унақа эмас. Илми саноеъ ижодкорга ҳам, китобхонга ҳам бирдай тааллуқли: шоир ўрганса, “зўр” шеър ёза олади, китобхон бу илмни ўрганса, ўша шеърни ўқиб, “зўр”лигини, “зўрлик” омилларини идрок этиб, унинг шеърдан оладиган лаззати икки баравар ошади. Аввал шеър мазмуни, ғояси, нуктасидан озиқланса, энди ундаги бадиий воситаларни илғаб олиш маҳоратига яна тан беради, қойил қолади.

      Чунончи китобхон Фурқат девонини варақлаб ўтириб “Сабоға хитоб” шеъридаги қуйидаги байтга кўзи тушади:

      Бу гулшанким насими файзи рабдур,

      Гули ҳилму ҳаё бирла адабдур. (Фурқат, 219-бет).

      Китобхон мулоҳаза юритади: бир байтда икки фикрий кашфиёт қилинган, биринчиси, Фурқат дунёни (гулшанни) Аллоҳ файзининг эпкини деб кашф этмоқда. Ҳа-ҳа, Аллоҳнинг “Кун!”, яъни “Ярал! Бунёд бўл!” маъносидаги сўз эпкини туфайли ўн саккиз минг олам, жумладан, бизнинг оламимиз (гулшан) ҳам яратилган…

      Иккинчи нукта эса, Аллоҳ қудратининг маҳсули инсон экан, шу яратилган гултожининг инсоний фазилат гуллари: ҳаё, ҳилм ва одоб экан. Бир мисрада инсоннинг энг олий фазилатлари деярли жамулжам қилиб берилганки, бу ахлоқ эгасини биз идеал – орзубоп одам деб биламиз.

      Бу мулоҳазаларимиз байт нуктаси ҳақида эди. Навбат бадииятга келганда, китобхон: “Ие, шоир шеър матлаида ҳусни ибтидо санъатини қўллабди-ку!” дея ҳайратга тушади. Зотан санъаткор шоир ўз шеърини ҳикматомуз, сермазмун ва таъсирчан фикр билан, “Қуръон” ояти, Ҳадиси шариф билан бошласа, ҳусни ибтидо санъатини қўллаган бўлади. Оламни гулшан дейиш истиора, оламнинг гули инсон ҳам истиорада берилган… Фазилатлар саноғида таъдид санъати қўлланилган. Гул ва Гулшан сўзларида ўзакдошлик – иштиқоқ санъати қўлланилган” дея ижодкор маҳоратига тан беради.

      “Сабоға хитоб” шеъри агар Европа адабиётшунослиги илми билан қуролланган олим томонидан таҳлил этилса, бу байтни умуман эсламаслиги ҳам мумкин. У гапни Фурқат саёҳатидан бошлаб, унинг Тошкентдаги дўстлари, уларнинг ким эканликлари, уларга шоирнинг муносабати атрофида узундан-узоқ мулоҳаза юритади ва шеърни қойилмақом таҳлил қилдим, деб ўзидан қониқади. Ҳолбуки, илми саноеъдан воқиф олим шеърнинг ҳар бир байти атрофида, ичида изланишлар олиб боради ва янги-янги фикрлар баён қилиш учун куюнади.


<p>10</p>

Фурқат, Танланган асарлар, Ғафур Ғулом номидаги АСН, Т., 1975, 275-бет.