Раҳмати кўргач топибон заҳмат ул. (Нишотий, 34-бет).
Демак, ўшандай нўноқ китобхон “муҳаббат”ни “меҳнат”, ”раҳмат”ни “заҳмат” деб ўқийверади.
Мутарраф тажнис. Мумтоз шеъриятда тажниснинг яна бир неча кўринишлари тилга олинади. Шулардан бири мутарраф тажнисдир. Тараф – сўзнинг охирги ҳарфи дегани бўлади. Шунга кўра, мутарраф тажнисдаги жинсдош сўзларнинг сўнгги ҳарфлари, худди маъноларидаги тафовутдек, бир-биридан фарқ қилади. Бироқ, ҳозирги замон поэтикаси бундай нав тажнисларни тажнис сифатида тан олишга мойил эмас. Хат тажниси ҳақида ҳам шу фикрни айтмоқ керак бўлади. Дарҳақиқат, ўйлаб қаралса, бундай мутаррафларни тан олиш поэтикада шаклбозликка ён беришдек бўлади. Мутарраф тажниснинг жинсдошлари: бод-бор; зоҳир-зоҳид; шароб-шарор; ниҳол-ниҳон кабилардан иборат бўлиши мумкин. Мунисдан:
Ҳам эрур омили махсуси авон бирла авом,
Чекиб эл моли учун зулм била тиғи ситам.112
Ёки:
Эй кўнгул, алданма зоҳид донаи ашкиғаким,
Муштариға жав сотар, зоҳирда гандум кўргузуб. (Мунис, 97-бет).
Унутмаслик керакки, мутарраф тажнислар бир ёқлама жинсдош бўлади.
Тажниси мужаннаҳ ёки қанот тажнис. Мумтоз поэтикада сўзнинг шакли ва ўрнига алоҳида диққат қилинганидан тажнисларнинг бу хили ҳам алоҳида ажратилган. Аслида эса, бундай тажнисларнинг кўпини том тажнис деб ҳисобламоқ лозим. Атаманинг маъноси бундай тажнисларнинг байт ёки мисранинг боши ва охирида қанотдай икки ёқдан келиши билан изоҳланади. Масалан:
Юз хатосиз қонини гар тўкса кўзи ҳашрда,
Ҳеч ким эрса келмагай ул номусулмон юзига.113
Ёки:
Тош ичра сийм музмар эрур, йўқки тоша сийм,
Ҳайратта қолмишам мен анинг ичу тошина. (Лутфий, 19-бет).
Тенгсиз ёки номувофиқ тажнис. Тажнисларнинг бу хилида жинсдош сўзларнинг бири иккинчисига шаклан тенг келмайди: бири озлик, бири кўплик қилади. Лекин тажнис ҳолати сезилиб туради. Масалан, қуйидаги шоир Низорий байтида “Ҳай” ва “ҳай-ҳай” сўзларида тажнис вазияти бор, биринчиси қабила номи, иккинчиси “ўлан бошланг” маъносидадир:
Аё, Лайли, сиз Ҳай йўлин бошлангиз,
Доғи Ширин ҳай-ҳай йўлин бошлангиз. (Низорий).
Диалектал (шевадан олинган) тажнис. Диалектал тажнисларнинг моҳияти шундаки, жинсдош сўзларнинг бири адабий тилдан, иккинчиси шевадан олинган бўлади. Бундай тажнислар ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон шоирлари ижодида ҳам учрайди.
Бермагил дерлар вафосизга кўнгил,
Ким анинг нўшиндин ортиқ неши бор. (ниш).
Узмагаймен лаълидин ўлсам умид,
Жон менинг жоним, кишининг неши бор?! (нима иши).114
Бу ерда иккинчи байтдаги “неши” (нима иши) сўзи шевадан олинган.
Тажнис санъатининг табиатида жинсдошлик – шаклий ва товуш ўхшашлиги жиҳатларига асосланилади. Сўзлар миқдорига кўра тажнислар:
1. бир сўзли;
2. икки сўзли;
3.