…Мактабда ўқиб юрган паллаларимиздан бошлаб, қирқ йиллардан буён дилда яшаб, хотирда янграб келаётган ўтли-ҳасратли сатрлар: “Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидур”, “Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби, Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.” Ва, албатта, абадиятга рақамланган бу оҳлар, аламлар:
“Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…”, “Ўз юртни қўйиб, Ҳинд сори юзландим, Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!”, “Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим”. Ёки: “Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур, Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондур”.
“Бобурнома”ни ўқиб, Бобурни ўқиб амин бўлганимиз: йўқ, юз оҳ эмас – юз минг-юз минг оҳу зор, юз минг-юз минг соғинчу фироқдан тузилган экан бу умр, юз минг эмас – юз минг узра яна юз минг баҳор келса ҳам мангу мунглуғ бу кўнгилнинг очилмоғига деярли имкон йўқ экан.
Устоз адиблар мактаби ва тажрибасидан ўрганган ҳолда, бурч ва ҳавас тақозоси юзасидан мен ҳам бир қаламкаш сифатида Бобур бобо ижодига мурожаат қилмоққа журъат этдим. Ва бу – ниҳоятда қисқа, аммо туганмас ҳаётнинг, зим-зиё оламни ёритган чақиндай тез сўнган, лекин, мана, беш юз йиллардан буён тўхтамай давом этиб келаётган, мардлик ва матонат, ғурбату фироқ, меҳнату аламларга тўла умрнинг юз лаҳза, юз ҳолатини қўлимдан келганча ифодалаб беришга ҳаракат қилдим. Гоҳ Бобур ҳазратлари тилидан, гоҳ ўзимдан, гоҳи шеър, гоҳи ғазал тарзида, гоҳ рубоий, гоҳи мухаммас шаклида кўнглимдагиларни, ният ва мақсадимни иншо этишга уриниб кўрдим. Шу жиҳатдан тагсарлавҳада “достон” деб ёзилган бўлса-да, бу битикларни достон йўлидаги бир жаҳд ё уриниш дейилса тўғрироқ бўлар.
Бино ёхуд иморатда бўлгани янглиғ, бунинг пойдеворига “Бобурнома”дан, Бобур шеъриятидаги энг нозик нуқталардан – хотиралар, ўй ва кечинмалар, мисралар билан байт ва рубоийлар асос қилиб олинди. Бинонинг тарҳи-лойиҳаси нечоғли пухта-пишиқ чиққани, ғиштлари билан синчлари қанчалар тўғри қўйилгани, шувоғию бўёқларигача баҳо бериш – зукко ўқувчига ҳавола.
Фақат бир таҳлика: Бобур бобонинг қаттиқ, синчков назари, ул зотнинг “Бобурнома”да Султон Маҳмуд Мирзо ҳақида “Табъи назми бор эди, девон таркиб қилиб эди. Вале шеъри бисёр паст ва бемаза эди. Андоқ шеър айтқондин айтмағон яхшироқдур” деган қатъий ва кескир сўзлари ҳозир ҳам манглайим узра қиличдек ярқираб тургандек туюлади…
АЖДОД ВА АВЛОД
Осмонлар бекорга айламас туғён,
Чақинлар ярқираб қарс-қарс яралгай.
Бани башар учун бир буюк султон
Мисоли мангулик бир дарс яралгай.
Қодир Оллоҳдандир ҳар хору ҳар хас,
Ким