Кимнинг отаси ёки онаси ёки икковлари бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилишган бўлишса, уларни мағфиратингга ол. Уларнинг изидан қилинаётган дуоларни даргоҳингда мақбул айла. Уларнинг тавбаларини ва улар учун фарзандлар қилаётган тавбаларни ҳам қабул этиб, то Қиёматга қадар қабр азобларидан асра. Қиёматда Ўзинг “бандам!” деб, аъмол номаларини ўнг қўлларидан олмоқликларини насиб айла, жаноб расули акрам Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоатларини насиб этиб, Ўзингнинг жамолингни кўриш бахтини бер. Кимки бурчини солиҳ фарзандлар қаторида адо эта олмаган бўлса, кимки отаси ёки онасини ёки икковининг кўнглини ранжитган бўлса-ю, энди надоматлар чекаётган бўлса, уларнинг ҳам тавбаларини қабул этиб, лутфи караминг билан гуноҳларини кечир. Қиёматда волидайнга очиқ юз билан рўпара келишларини ва жаннатда бирга бўлмоқларини насиб айла. Омийн йа Раб ал-оламийн!
“Жаннат оналар оёғи остидадир”, мазмунли ҳадиси шарифни эшитмаган одам йўқдир. Аммо унинг маъносини ҳамма ҳам билавермаса керак. Онасини ёлғиз ташлаб, мушриклар билан урушга отланган йигитни Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, шундай деганлар. Яъни, жаннатга тушиш учун ғазотда жон бериб, шаҳидлик мартабасига етиш шарт эмас. Онангнинг хизматини қилиб, розилигини олсанг бас, шу топган савобинг сенга жаннат йўлини очади, дейилмоқчи.
“Аяжонимнинг хизматларини етарли даражада адо эта олдимми, розиликларига эришдимми?” деган савол мени ҳеч тинч қўймайди. Бундай савол онажонини боқий дунёга кузатган ҳар бир фарзандни қийнаса керак? На иложки, ҳеч ким бу саволга фоний дунёда жавоб топа олмайди. Аниқ жавобни Қиёмат куни биламиз. Унгача эса ота-онамиз билан Жаннатда учраштиришни Аллоҳдан илтижо қилиб яшаймиз.
Японларнинг кўп қисмли “Ошин” кинофильмини кўриб, аяжоним ҳаётлари асосида шундай асар ёзишни орзу қилиб эдим. Ҳозирча бу иш қўлимдан келмай турибди, аммо орзуим кучи сусайганича йўқ, инша Аллоҳким, умидим ушалиб қолар. Сабр ҳақида кўп гапирилади. Агар бу руҳий қувватни жисмоний шаклда кўрсатиш мумкин бўлиб, ҳайкал ўрнатилса, мен бу ҳайкални аяжоним тимсолида кўраман.
…Барг устида ўрмалаётган ипак қурти бир зумгина тўхтаб, бошини кўтарди-ю, атрофида ҳаёт жўш ураётганини кўрди: кимдир чириллаб қўшиқ айтарди, кимдир сакраб қувнарди, кимдир роҳатланиб учарди… Атрофдаги ҳамма тинимсиз ҳаракатда эди. Фақат у бечорагина учолмасди, қўшиқ ҳам айтолмасди. Ўрмалашдан ўзга юмуш қўлидан келмасди. Бир баргни кемириб адо қилиб, иккинчисига ўтгунча ўз назарида дунёни айланиб чиққандай бўларди. Бироқ шунга қарамасдан у тақдиридан нолимасди, бошқаларга ҳавас ҳам қилмасди,