1988 йил 5 ноябрдан эътиборан менинг кун тартибим ўзгарди. Аввал барча ухлагандан кейин ёзув столига ўтирар эдим. Баъзан тонгга қадар жойимдан жилмасдим. Дадажоним туриб, бомдодни ўқиганларидан кейин мен уйқуга ётардим. Тонгда кўча эшигини очиш вазифаси зиммамга тушгач, ижод вақти ҳам тонгга кўчди. Энди хуфтондан сўнг уйқуга ётиб, субҳи козибдан аввалроқ, тунги учда туриб иш бошлашга одатландим. Тенгдошларим эрталаб ухлаб ётишимни гапириб, масхара ҳам қилишарди. Айниқса, наҳордаги тўй ёки маърака ошига кечиксам, уларга гап топиларди. 1988 йилдан эътиборан кулишларига асос қолмади.
Отанинг ёки онанинг ёки икковининг хасталаниб ётиб қолиши бемор учун ҳам, унинг фарзандлари учун ҳам ҳаётдаги энг асосий имтиҳонлардан бири саналади. Хазонрезги фаслига кирган қарияларнинг Аллоҳга илтижо қилиб: “Селдай келиб, елдай олсин жонимни” ёки “Илойим ётқизиқлиқ қилмасин” ёки “Қариганимда бошқаларга муҳтож қилма”, деган дуоларини эшитиб турамиз. Ажал фариштасининг бирданига келиб, осонгина жон олишини ҳамма истайди. Яширмайман, менинг бу кунлардаги умидим ҳам шу. Пешонаси саждага қўйилганича жон берганларга ҳавас қиламан. Афсусларки… пиёласига тўлдирилган ароқнинг иккинчи қултумини ютолмай жон берганлар ҳам, ўйнашининг уйида жағи очилиб, кўзлари олайиб қолганларни ҳам эшитганмиз. Европадаги тунги ресторанларнинг томи босиб қолгани, ўнлаб ёшларнинг ўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқатиб турилади.
Гап қандай жон беришда эмас, боқий дунёга покиза руҳ билан боришда, иймон калимасини айтишга улгиришда. Қандай жон бериш одамнинг истаги билан эмас, тақдир ёзуғига ёзилган Аллоҳнинг амри билан бўлади. Хасталикка одамлар турлича муносабатда бўладилар. Бировлар “Қилган гуноҳларининг жазоси” сифатида қарайди. Бировлар эса “Аллоҳ менга оғир хасталик бериб синаяпти”, дейди. Қайси бири тўғрилигини ҳам Яратганнинг Ўзи билади. Қудсий ҳадисда марҳамат қиладики: “Эй бандаларим, Мен бир мўъмин бандамни (бирон касаллик билан) мубтало (имтиҳон) қилсам ва Менинг (мубтало қилганимни) ўзини зиёрат этиб келувчиларга шикоят қилмаса, Мен у бандамни асирлар қаторидан (жаҳаннам асирлари ёки турлича касаллик асирлари қаторидан) халос этаман”. Яна