Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ). Тохир Хабилов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Тохир Хабилов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-373-4
Скачать книгу
ёзадиган дафтар экан, мен ҳаммасини сотиб оламан-да, ўзингизга қайтараман. Қобилиятли шогирдларингизга мендан совға қилиб берасиз, – дедим.

      Таклифимга кўнмадилар. Дафтарнинг фақат биттасини сотдилар. Ўша кунлари Конфуцийни ўқиб юрган эдим, айрим ҳикматларни таржима қилиб, Рауф акадан ёдгор бўлиб қолган ўша дафтарга ёза бошладим.

      “Ҳаёт – жуда оддий, гўё бир бош узумни еб битирмак каби гап, умр-нинг шоҳтомирини шарт кесмак каби мураккаб, биласанки, сўнгги соат бор, биласанки, сенда абадият қадар яшамакка қаноат бор, тирик-лик меваси – Мен ва Сен, айтмоқчиманки, онамнинг қошида бўлай доим, айтмоқчиманки, гуллар ўссин, айтмоқчиманки, Туркистоним бир бутун бўлсин, дўстларимдан мактублар олайин, жирканаман аслини йўқотган олтиндан, олмосдан, сотилган хотиндан, пулга чайиб олинган нафасдан”.

      Тасодифни қаранг, баённинг бу саҳифаларини 28 март куни кўчирдим. 2005 йилнинг шу куни шоир боқий дунёга кўчган эдилар. Афсусим шуки, жанозада ҳозир бўла олмаганман. Айрилиқ ҳақидаги шумхабарни шифохонанинг жарроҳлик бўлимида ётганимда эшитдим. Халқ шоирининг уйи йўқ эди. Жиянларининг уйидан чиқарилибдилар.

      Алоҳида уйлари йўқ эди. Демак, Рауф Парфининг уйи бутун дунё эди. Шеърият мухлисининг қалби Рауф Парфининг уйи эди. Бу уйдан унинг руҳини ҳеч ким қувиб чиқара олмайди:

      Мендан рози бўлинг,

             тириклар,

                    дўст-ёр,

      Бир чимдим меҳрингиз

                           олиб кетарман.

Имзо: Рауф Парфи.

      Ҳа, шундай… биздан бир чимдимгина меҳр истадилар. Ўзлари эса оламга сиғмас даражадаги меҳрларини бизларга ташлаб кетдилар.

      Ўзбекистонда хизмат кўрсатган яхши одам

      Йиллар шамоли қадрдонларни бирма-бир, аёвсиз равишда олиб кетаверади. “Ўлим олиб кетди, бизни ундан жудо қилди”, деб қолаверамиз. “Жудо қилиш”ни фақат жисмонан деб тушуниш тўғрироқ бўлар. Қадрдонимизнинг жисмини тупроққа қўйиб келамиз. Ўзи эса хотирамизда яшаб қолаверади. Кулишлари, ширин суҳбатлари, баъзан куйиниббаҳслашишлари… Булардан жудо бўлиш мумкинми? Хотираларни тупроққа кўмиш мумкинми?

      Ўтган яхши одамлар ҳақида хотиралар ёзиш одати бор. Каминадан ҳам илтимос қилиб туришади. Чиндан ҳам хайрли хотиралар кўп бўлади, аммо уни қоғозга тушириш устоз ёки дўстнинг ўлганини тан олгандек туюлиб, руҳим эзила бошлайди. Хотира баёни менга худди врач ёзиб берадиган ўлим ҳақидаги хулосани эслатади. Адабиётимизда “Ўлимларни қолдириб доғда” деган сатрлар тез-тез учраб турарди. Хотира аслида, ўлимни доғда қолдириб, ҳаётнинг давом этишидир.

      Ижод оламида топган акаларим ҳақидаги хотираларни мен “У тирик!” деган ишонч билан ёзаман. Шулардан яна бири – Машраб Бобоев.

      Самарқанд вилоятида бўлганимда Машраб Бобоев ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш таклифини айтиб эдим, “Унинг унвони бормиди?” деб сўрашди. Кишининг ғашини келтирадиган савол. Унвон ва нишон одамнинг тарихдаги ўрнини белгиламайди-ку?