– Бугун дили пок бир инсон билан учрашиб, гаплашишни жуда-жуда хоҳлаган эдим. Худо менга сизни етказди шекилли, устоз? Ҳали танишмай туриб сизни “дили пок инсон” деганимга ажабланяпсизми? Одамнинг дили поклигини билиш учун узоқ вақт таниш бўлиб юриш шарт эмас. Қишлоқдан келганингиз билиниб турибди. Ҳаётни асосан китоблар орқали биласиз. Турмушнинг балчиқларига ҳали тушиб чиққанингиз йўқ. Сезаётгандирсиз, бугун кайфиятим йўқ. Дилим хира. Кеча бир шоирни ўлдирдилар. Кимлигини, қаерда яшаганини сўраманг. Ҳақиқий шоирнинг макони бўлмайди. “Айтсам ҳам ўлдирадилар, айтмасам ҳам ўлдирадилар, айтиб ўлганим яхшироқ”, деб яшаган шоирнинг қисмати нима бўлиши мумкин?..
Унинг бармоқлари орасидаги сигарет куйиб адо бўлди. Бармоқлари орасидаги қолдиқни четга улоқтирмай авайлабгина гугурт устига қўйди. Келдиёр унинг чеккиси келаётганини сезиб ўрнидан турди.
– Қаёққа? – деб ажабланди у.
– Сигарет олиб келай…
– Чекасизми? – шундай деб стул суянчиғига осиғлиқ сумкачасидан сигарет қутисини чиқариб, унга узатди.
Келдиёр чекмас эди. Нима қилишни билмай хижолат бўлди.
– Майли, кейинроқ чекарман, – деди айбдор одамнинг оҳангида.
У қутидан битта сигарет олиб, гугурт устига қўйди-да, “қоғозга тушмаган марсияни эшитасизми?” – деб сўради. Келдиёр унинг суҳбатига маҳлиё бўлиб қолган эди. Гапларини жон қулоғи билан эшитишини билдириб, бош ирғади. У яна кўзларини дарахт баргларига тикиб ҳазин овозда гапира бошлади. Ҳа, Келдиёрнинг назарида у шеър ўқимас, айнан гапирар эди. Сўзлар оловли ўқлар сингари атрофга сачрар эди:
– Ахир ўлдирмишдир қора машъал тутган машъум шайтанат… Қўрқоқлар ўлдирдилар… Сотқинлар ўлдирдилар… Шоирни, Инсонни… Гарчи мумкин эмасдир асло, уфқнинг бўйнига сиртмоқ – дор ташлаб ўлдирмоқ инсонни… Сўнди озодликнинг сўнгсиз осмони… Чатнади юлдузлар, сўндилар қақшаб. О, букун қайғунинг қора сувратини кўрдим. Нафратнинг қошида турдим юзма-юз… Нафасини ичига ютиб юборган ҳаво – дим… Нафасини ичига ютиб юборган… шоирсиз! Букун танҳо ҳасрат… Шоир ва Дунё… Сўз йўқ Сўзга… Осмон тошиб кирар кўзга, сиғмас кўзга… Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга… Наҳот, Борлиқ – соқов?! Наҳот, Борлиқ – кўр?! Дилдираб, лопиллаб турган булутларнинг тобутида ётар жонсиз тафаккур… У қандай севарди… У қандай севарди Ҳақни, ҳаётни… Қўлларига қайтадан қора машъал олган машъум шайтанат – зулматлик-лар оппоқ тонгни чил-чил синдирдилар… қонли санжоқ илдилар… Етар, бас, марсия… Эй сиз, ғафлат супрасида биқсиб тўйганлар… Эй, сиз, қурбонликка қуёшни сўйганлар… Уни ўликлар ўлдирдилар… Ўлдирдилар шоирни, инсонни! Ҳайқир, ҳайқир, ҳайқир осмон – бахтли шоирнинг сўнгсиз осмони…
У жим қолди. Атрофида ҳеч ким йўқдек қотиб ўтирди. Шеърга кўчмаган марсияси унинг ўзини мутаассир қилиб қўйган эди. Бир эшитган сатрини ёдлаб олиш қобилиятига эга Келдиёр марсияни ёдлаб олишга улгурган эди. Марсия кимга бағишланганини билмаса ҳам у ҳам таъсирланганди. Узоқ йиллар давомида ҳам бу сатрларни унутмади. Бу шаҳарга қайтиб келганда шоирни