Орадан ойлар ўтиб, бу ном ҳам ўзимга эриш туюлди. Кўпгина адабиётларда “ҳаёт уммони” деган иборани учратамиз. Одам гўё ўз қайиғида уммон бўйлаб сузади. Кимдир қирғоққа етади, кимнидир ярим йўлда довул ғарқ этади. Шуларни ўйлаганимда, “Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи” деган номда чуқур маъно яширингандай туюлди. Сиз – азизларга ҳам бу ном маъқул келар деб умид қиламан.
Киши ҳаёти давомида яхши-ёмон одамларни кўп учратади. Ёмонларнинг ёмонлигидан азият чекади. Бировлар ўша ёмонга нисбатан кек сақлаб яшайди. Бировлар унутади. Мен кек сақламайман. Бу ҳикматга амал қилиб яшашга интиламан:
Донишманд шайхнинг ҳузурига бир мўйсафид келиб: “Шайх ҳазратлари, энди мен қариб қолдим, кун ўтказишим ҳам машаққатга айланяпти. Менга панд-насиҳат қилинг, шояд Аллоҳ ишларимни яхши йўлга бошласа”, – дебди.
Шунда шайх мўйсафидга хитобан дебдики:
– Биродарим, агар сен эсда тутувчи бўлсанг ҳам, хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам, икки нарсани эсдан чиқаргин: аввали – халқ учун қилган яхшилигингни, кейини – бировнинг сенга қилган ёмонлигини.
– Мардлик ва одамийлик ҳақида ҳам сўз айтинг.
– Миннат юкига бардош бермоқлик – одамийлик нишонасидир. Қўлидан келадиган ишни ўзгадан дариғ тутмаслик эса мардликдир.
– Ҳамиша мўмин ва мусулмон бўлиб юрмоқлик ҳақида ҳам айтинг, шайхим.
– Кишининг айбини қидирмаслик – мусулмонликдандир. Ёмон сўзларни айтмаслик мўминликдандир, – деб шайх насиҳатига якун ясаган экан.
Ҳикматга амал қилиш шарт бўлса-да, бошқаларга ўрнак бўлсин учун ёмонларнинг ёмонлигини ҳам эслашга тўғри келади. Уларнинг айримлари вафот этган, марҳумлар ҳақида нолойиқ сўзлар айтиш жоиз эмаслигини биламан. Уларнинг фарзандлари ўқиса ё ўқиганлардан эшитса, кўнгиллари оғришини ҳам ҳис қиламан. Шу сабабли ёмонлик қилган одамларнинг исмларини ўзгартириб баён қиламан. Ўзгартирилган исмлар бошқача ҳарфда ёзилади. Шунинг баробаринда айрим идораларнинг номлари ҳам ўзгартирилади.
Кўнглим сезиб турибди, бу асарни ёзиш осон бўлмайди. Чунки каминанинг хотираси ҳавас қиларли даражада эмас. Кўп воқеаларни унутганлигим шубҳасиз. Йилларни, ойларни беришда, исмларни эслашдақийналсам керак. Исмларни ёшлигимда ҳам адаштирардим. Ҳатто асарқаҳрамонларининг исми ҳам чалкашиб қоларди. Бу камчиликдан қутулиш учун қаҳрамонларнинг исми ёзилган рўйхат столим устида турарди. Бир куни дўстимнинг кўзи бу рўйхатга тушиб: “Булар кимлар, туғиладиган ўғилларингнинг исмими?” – деб ҳазиллашган эди. Яна бир дўстим келиб: “Янги китобинг чиқибди, дастхат ёзиб бер”, – деди. Мен китобга “Қадрдоним Ҳикматжонга…” деб ёзиб узатдим. У дастхатни ўқиди-да, кулиб: “Бўпти, мен бу китобни Ҳикматга бериб қўяман, энди ўзимга ёзиб бер”, – деди. Бу дўстимнинг исми “Асадулла” эканини эслаб, хотирамнинг