Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари. Амир Тўраев. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Амир Тўраев
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-26-305-5
Скачать книгу
келгувчи меҳмонни ҳам, гадони ҳам соғиниб кутади, остона ҳатлаган меҳмон кўнглида не амри бор, пўлатиликлар учун унча катта аҳамиятга эга эмас, эшикдан келган ҳар бир меҳмонни отасини соғингандек кутиб олади.

      Меҳмондўстлик – қишлоқдошларимнинг энг яхши инсоний фазилатларидан энг юксаги.

      Улар ўзининг олижаноб меҳмондўстлиги билан қадимдан ном чиқарган, бу хислатлари бобокалонларидан мерос бўлиб, бардавом одатга айланган. Таклиф қилинган, кутилаётган меҳмон ҳам, кутилмаган, тасодифан келиб қолган меҳмон ҳам иззат-эҳтиром билан қарши олинади, ҳурмати жойига қўйилади.

      Аслини олганда, меҳмон сизнинг ош-нонингизни деб эмас, ўзингизни деб, сизнинг яхши фазилатларингизни қўмсаб, соғиниб келади.

      Пўлатиликларнинг олти минг хонадондан, Райимсўфи, Мўлали, Қаниали, Оққудуқ, Андабозор, Хўжақудуқ, Алачабоб қишлоқларида, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида, Сурхондарё, Қарши чўлида қарор топган шахобчаларидан ташқари тағин неча-неча минг мўриси, қозон ўчоғи бор.

      Унумдор ва серҳосил бўз тупроқли ерлари бор.

      Пўлатиликларнинг табиий газга муҳтожлиги йўқ, ғўзапоя, қўй қийи ёқади, овқати ва кўк чойи роса мазали бўлади.

      Бир замонда пўлатилик Олий Совет депутати Нормат Ҳасанов Москвага борганда ўша улкан шаҳарда овқат тайёрлаш учун уйида ўт ёқишмаганлигини, бирорта уйда мўри йўқлигини, уйларда тарнов йўқлигини кўриб ҳайратга тушганлигини, кўчаларида бирорта ҳайвонни кўрмаганлигини, меҳмонни сийлаш учун гўштни қаердан олар экан деб, бечора чўпоннинг боши қотганлигини, бундаги ҳаётга қойил қолмаганлиги, ўзининг Пўлати, Раимсўфи, Андабозор, Алачабоб қишлоқлари ҳаммасидан обод эканлиги тўғрисида Отамга сўзлаб берган экан.

      Содда чўпон Москвадаги ҳаётни ўз билганича таҳлил қилган-да.

      Бу инсон ўз Пўлатисини Москвадаги ҳаётдан устун қўйган, ўз Пўлатисини ҳаддан зиёд яхши кўрган одам эди, ўз қишлоғини ҳар қандай пойтахтдан афзал кўрган зот ҳозир бу дунёдан ўтган.

      Тўғриси, мен ҳам бу дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, гўзал чеҳраларни кўрдим, кошона ва эҳромларда кездим, бир-биридан жозибадор бўлса-да, ўзим туғилиб ўсган қишлоғимни севаман, дунёнинг чек-чегараси йўқ, кўз ўнгимдан қишлоғимдаги инсонлар бирма-бир ўтиб туради.

      Дубайда қурилган «Буруж ал-Араб», 824 метрлик, дунёдаги баланд кошона ҳам, Қизил денгиз, Ўртаер денгизи ва Ўлик денгиз ҳам, жонларга дармон бўлган Карло-Вари суви ҳам, Ҳиндистондаги гўзал Тожмаҳал ҳам, Буюк Хитой девори ҳам, ҳамма-ҳаммаси, мени кечирсинлар, Каъбам Ўзбекистон, 6 минг хонадон яшайдиган ўзимнинг Пўлатим ва унинг заҳматкаш оддий халқи барча-барчасидан устун.

      Қишлоғим барча гўзал шаҳарлардан-да гўзал, бир даста янтоқ чопган ҳамқишлоғим дунёдаги забардаст паҳлавонлардан сарбаланд, унинг баҳори, кузи, ёз ва қиши бир-биридан сафоли, лой тупроқ, хуллас, Пўлатининг йўллари жаннатга борадиган йўлларга ўхшайди.

      Пўлатининг кузи ҳам сафолик, кўз ўнгимизда сим-сим ёғаётган ёмғир, эсаётган сокин шамол, дарахт остига тушиб ётган барги хазонлар, доно чолдай турган дарахтлар,