Декан Искандар билан Қодирнинг бир ойлик стипендиясини олиб ташлади. Бироқ, бунинг Каримга иссиғи ҳам, совуғи ҳам йўқ эди. «Майли, улар стипендиясини олсин, менга бари бир. Лекин бир кун эмас, ахир бир кун Искандарнинг якка ўзи қўлимга тушиб қолар-ку», деди.
Искандарни якка қўлга туширганда Карим нима қилишини ўзи биларди-ю, аммо вазият ўзгариб қолди – Искандар шу куни оқшом жўражонларидан олтитасини эргаштириб, уларнинг ётоғига бостириб кирди. Энди ухламоқчи бўлган Каримни куткилашиб, ўртага олишди. Бу ёғи тушунарли эди, йўқ, агар Адҳам бўлмаганда, бу ёғи нима билан тугаш ўз-ўзидаш маълум эди.
Ана шунда Адҳам ўзини кўрсатиб қолди, шу билан ҳаммани ҳайиқтириб, Каримнинг ҳаётига, ички сирларига аралашиб кетди. Каримнинг эса ҳеч кимга айтмаган, айтолмайдиган битта ички сири бор эди. Ва бу сир жуда муҳим эди.
Хуллас, Адҳам ана шунда орага тушди. Искандар жўралари билан бостириб кирганда бошқа болалар қўрқиб кетишди (биринчи курс-да), Адҳам эса кичкина эговча билан тирноғини тозалаб ўтирган эди, индамай қўзғалди-да, Каримнинг ёнига келиб, уни Искандарлардан тўсиб олди ва гўё б ерда ҳеч гап бўлмаётгандек, бамайлихотир тирноғини тозалайверди. Боши оғиб, кимқайлардан адабиёт факультетига тушиб қолган хумкалла, ғирт безори Маъруф уни туртиб, «Сан бола, нари тур», деганда, Адҳам киприк қоқмай, хўппасемиз, айиқполвон Маъруфга шундай деди: «Қўлингни торт. Кучим бор, деб овора бўлма, қўл кўтарганинг заҳоти кекирдагингни суғуриб оламан. Кейин, геофакдаги «Байрон»ни, «Чингизхон»ни биласанми?.. Билсанг бўпти-да!»
Шу гапдан сўнг Маъруф негадир бирдан чўкди, бошқаларининг ҳам шашти сўниб қолди. Искандар Маъруфга қаради, Маъруф эса шерикларига мўлтираб тикилди. «Бу хотинлик, – деди Адҳам шунча гап етмагандек. – Бир кишига етти киши бўлиб келиш – хотинликнинг ўзгинаси. Албатта, ҳозир Каримни, Каримга қўшиб, ким билади, балки мени ҳам урарсизлар. Лекин эртага… эртага бошқаттан бошқача гаплашамиз».
Кейин муросаю мадора бошланди: улар Каримн тинч қўядиган, Карим ҳам Искандарга индамайдиган бўлди (буни Адҳам ўз устига олди). Маъруф Адҳамни қўярда-қўймай ташқарига судради. Улар нимани гаплашишди – буни ҳеч ким билмади. Қайтиб киришганда Маъруф Адҳамнинг елкасидан дўстона қучмоқчи эди, Адҳам унинг қўлини силтаб ташлади. Шунча гап-сўзнинг орасида Адҳам қўлидан ялтироқ эговчани туширмади, пуфлаб-пуфлаб тирноғини тозалайверди.
Ҳамманилг кўзи, бор ҳайронликнинг сабаби шунда бўлгандек, эговчадан узилмади.
Хуллас, жанжал босилди. Лекин Каримнинг қўли, Адҳамнинг юраги бақувватлигини ҳамма билди.
Каримнинг юрагида гап бор эди.
«Байрон» билан «Чингизхон»нинг кимлигини Карим эртаси куни Адҳамнинг ўзидан билди. «Байрон» – география факультетининг тўртинчи курсидаги Қобил, «Чингизхон» эса унннг жўраси Турмуҳаммад экан. Карим уларни бир марта кўрган: Қобил озғин, оқсоқ бола; силлиқ, чўзинчоқ юзи нимаси биландир чиндан ҳам шоирларга ўхшаб кетади.