Бозор эволюцияга ўхшайди: бозор тезкор, кучли ва ақлли кишиларни мукофотлаш эвазига ўзини кучайтиради. Айтганча, сайёрамиздаги энг мослашувчан иккита биологик тур каламуш ҳамда суварак эканини ёдимизда сақласак, яхши бўларди.
Бизнинг тизим танқис ресурсларни тақсимлаш учун нархлардан фойдаланади. Инсон эҳтиёжлари учун керакли ҳар нарса чекланган миқдорда бўлгани учун ҳар қандай иқтисодий тизимнинг асосий вазифаси ким нима олишини ҳал қилишдир. “Super Bowl” ўйинларининг чиптасини ким олади? Ким энг юқори нархни тўлашга тайёр бўлса, ўша олади. Собиқ СССРдаги “Supreme Soviet Bawl” ўйинида эса энг яхши ўриндиқларни кимлар қўлга киритган (тасаввур қилайлик, шундай мусобақа мавжуд бўлганда)? Албатта, коммунистик партия томонидан танланган одамлар. У ерда нархлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди. Совет Москвасидаги қассоб чўчқа гўштини давлат белгилаган нархда сотарди. Агар нарх пастроқ бўлиб, сотувдаги гўштдан кўра кўпроқ талаб шаклланса, қассоб вазиятдан фойдаланиб, кўпроқ пул ундириш учун нархни кўтармасди. У фақат навбатда турган одамларга гўшт сотарди, қолганлар эса гўштдан қуруқ қоларди. Капитализм ҳам, коммунизм ҳам товарларни тақсимлайди. Биз тақсимлашни нархлар орқали амалга оширсак, СССРда тақсимлаш – одамларни навбатга турғизиш орқали амалга оширилган (шубҳасиз, Совет Иттифоқида кўплаб қора бозорлар фаолият юритган ва катта эҳтимол билан, қассоб орқаворатдан қўшимча гўшт сотган).
Нархлардаги тафовут сабабли аксарият бозорлар ўз фаолиятини ўзгартириб, тўғрилаб туради. OPEC га аъзо мамлакатларнинг энергетика вазирлари вақти-вақти билан бирон-бир экзотик жойда учрашув ташкиллаштиради ва нефть ишлаб