Жобс ўз даврида онгни тиниқлаштиришни хоҳлаган талабаларга хос бўлган кўплаб қизиқишларни ўзлаштирди, масалан, вегетарианлик, дзен-буддизм, медитация ва руҳий амалиётлар, рок-н-ролл ҳамда гиёҳвандлик. Тўғри, Стив ҳамма нарсани ошириб юборарди. Техникага бўлган иштиёқ ҳеч қаерга йўқолгани йўқ (лекин у Ридда электроника билан шуғулланмади); кунларнинг бирида у ўз қизиқишларининг ажабтовур аралашмасини узвий тўлдиришга муваффақ бўлди.
Роберт Фридланд
Бир куни Жобсга пул керак бўлиб қолгач, у ўзининг IBM Selectric ёзув машинасини сотишга қарор қилди. Стив уни сотиб олмоқчи бўлган талабанинг хонасига борди, аммо шу вақтда у дугонаси билан ошиқ-маъшуқ бўлиб ўтирган эди. Стив кетмоқчи бўлди, лекин талаба шу ерда бироз кутиб туришни таклиф қилди. “У жуда ажойиб бола экан-ку деб ўйладим!” – деб эслайди Жобс. Унинг Роберт Фридланд билан танишуви шундай бошланди. У Жобс ҳаётидаги уни сеҳрлаб қўйган кам сонли инсонлардан бири эди. У Фридланднинг харизматик фазилатларини ўзлаштирди. Унинг фирибгар ва лўттибозлиги аён бўлгунга қадар Стив уни анча йиллар давомида гуру деб ҳисоблаб юрди.
Фридланд Жобсдан тўрт ёш катта эди, лекин ҳали охирги курсда ўқирди. Освенцимнинг собиқ маҳбуси, кейинчалик Чикагонинг гуллаган архитекторининг ўғли Фридланд Рид университетигача Боудойнда, Мэнедаги гуманитар университетда таҳсил олганди. Лекин иккинчи курсда умумий суммаси 125 минг долларлик 24 мингта ЛСД таблеткасини сақлагани учун қамоққа олинганди. Маҳаллий газетада Фридланднинг қамоққа олинаётган вақтдаги суратини чоп этишганди: унинг жингалак сочи елкасигача тушиб турарди, табассуми эса кишини лол қолдирарди. Робертга икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди ва у Виргиния штатининг федерал қамоқхонасига юборилди. Лекин 1972 йилда шартли равишда озодликка чиқарилди. Кузда у Рид университетига ўқишга кирди ва дарров талабалар кенгаши президентлигига ўз номзодини қўйди. Ушанда у “суд хатоси” туфайли ўзининг булғанган номини оқламоқчи эканини айтганди ва сайловда ғолиб бўлганди. Баба Рам Дасснинг Бостонга сафарида қатнашган Фридланд ҳам Жобс ва Коттке каби шарқча руҳий амалиётларга жуда қизиқарди. 1973 йилнинг ёзида Роберт Ҳиндистонга, гуру Рам Дасс, шунингдек, Махараж-жи номи билан машҳур бўлган Ним