Бундай саволларни бериш учун журъат, каттакон юрак, фидойилик, ватанпарварлик, байналмилаллик доирасидаги миллатсеварлик, башарий башорат, ватани ва халқи олдидаги бурчи ва масъулиятини чуқур идрок этиш ва айни бир пайтда мамлакат ичкарисидаги ва ташқарисидаги воқеаҳодисаларни ақл-идрок билан атрофлича кузатиш ва хулоса чиқаришда сезгирлик ва ҳушёрлик, бир сўз билан айтганда, давлат тафаккури соҳиби бўлишлик фазилати керак экан. Концептуал-услубий таҳлил орқали ўз ечимини кутаётган бундай ўта муҳим ва кечиктириб бўлмас муаммо ва масалаларни янги замон тарихимизда ёритиш зарур эди. Бу китоб шу эзгу йўлдаги дастлабки бир уриниш бўлди.
Шу ўринда кичик бир чекиниш қиламиз. Фанлар тарихи билан шуғулланган бир файласуф олим чиқарган хулосага кўра, ўн тўққизинчи аср Франция тарихи француз муаррихлари китобларидагига қараганда, француз адиби Бальзак романларида аниқроқ ва чуқурроқ тасвирланган экан! Чунки адибнинг руҳи ва қалби халқининг руҳи ва қалбига яқинроқ экан!
Бу борада мисолларни ўз турмушимиздан ҳам келтириш мумкин. Ёзувчиларимиздан Миркарим Осимнинг тарихий қиссаларини, Абдулла Қодирий ва Ойбекнинг тарихий романларини, Фитратнинг трагедияларини бир эслайлик. Ёки бўлмаса давлат арбобларимиздан Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи»ни, Абулғозийнинг «Шажараи турк»ини ёдга келти – райлик. Бу улуғ зотларнинг истеъдодлари серқирра бўлиб, шулардан бири тарихчиликдир.
Миллати тақдирига масъулият сезувчи ҳар бир онгли инсон, айниқса, ёзувчи жавҳарида ўз халқи тарихига қизиқиш ҳамда ундан бугун ва келажак учун хулоса чиқариш иштиёқи жўш уради. Бугунимиз кечаги тарихимизнинг давоми, оқибати ва натижасидир. Пировард оқибат қандай бўлиши билан қизиқмаган, халқи дарди ва ташвишларини ўз танасида туймайдиган кишилар тарих факультетларини тугатган бўлмасинлар, илмий унвонлару даражаларни олмасинлар, филфакларни битирган ҳамма диплом эгаларидан шоиру ёзувчилар чиқавермаганидек, улар ҳали рисоладаги тарихчи бўла олмасликларини турмушнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ҳақиқий тарихчи бўлиш учун зиёлида т а р и х ч и л и к истеъдоди ҳам керак экан. Бу ўз халқи тақдири учун қайғуриш туйғусидир. Зотан, халқ тақдирини халқ тарихидан ажратиб бўлмайди, булар эгизак тушунчалардир.
1990 йилнинг март ойида Ўзбекистонда Президентлик бош қаруви жорий этилди. Орадан ойлар ўтиб борса-да, казо-казо давлатшунос ҳуқуқшуносларимиз, илмий унвонли сиёсатшуносларимиз лом-мим демай сукут сақлаб ўтиришарди, гўё давлатимизда мутлақо янги бошқарув юз бермагандек. Бу ҳолатдан ориятим қўзиб, ҳатто