– Ҳай, ота, тан оласизми, онам у ёқдан келганларида жуда яхшийдилар-ку? – хонага чой кўтариб кирган Фазлиддин гап қўшди. – Хай, соғайиб келмадиларми? Ўз ҳовлимизда шу аҳволга тушдилар-ку!
Кенжа ўғилнинг бу гапи отага ёқмаганлиги сезилиб турарди. Бундан Нуриддин сергак тортиб, безовталанди. Энди у чуқурроқ суриштиришни мўлжаллаганда отаси:
– Сан билмийсан, гапга аралашма, – дея бармоқлари ила ҳавони кескилади. – Бор, молларга сув бер.
– Карамгул ҳозиргина суғорди, хўрак ҳам берди.
– Хай, майли, локин сан гапни чувалаштирма, мана, Баҳри акангдан сўра, ўша санаторда нима бўлган. Ўзинг айт, Баҳри, – отаси эшик ёнида маъюс ўтирган бошқа ўғлига қўл силтади.
– Шунақа тахминий гапларни йиғиштириб қўяйлик-да, онамни даволаш йўлларини излайлик, – дедию Баҳриддин ўрнидан турди.
– Гапинг тўғри, бачам, локин қўрқиш ёмон-да, қирқ кунда ўзини билинтиради. Шу бугун ўшанга қирқ кун тўлди.
Бу гап Нуриддиннинг эсхонасини чиқариб юборди. У ҳам дарҳол ўрнидан туриб, секин юриб бораётган укасига эргашди. Нарироқ бориб, Баҳриддиннинг тирсагидан қаттиқ тутди:
– Санаторийда нима бўлган? – қатъий, ҳукмона сўради у. Энди унинг сўроғини жавобсиз қолдириб бўлмас эди. Кечмиш хунук воқеани пайсалга солиб айтиш ҳам зарар келтириши мумкин. Фақат бир оз юмшатиш лозим, шекилли.
– Бу ишда, тўғриси, бизларни ҳам айбимиз бор, ака.
– А?
– Ҳа… ғафлатда қолганмиз, – дея ука ётиғи билан сўз бошлади. – Санаторий шаҳар яқинидаги колхоз марказида. Маъдан сувли, шароити ёмон эмасиди. Ўйлаб-ўйлаб, онамни ўша ерга жойлаштирувдик.
– Индаллосини айт, – Нуриддин сабрсизланди.
– Тўрт кишилик яхши палатайди. Ҳаммаси тузук бошланди. Иккинчи куни онамни ёнидаги бўшаган каравотга ёшгина келинчак келган. Очиққина, хушмуомалалийкан, онам билан чиқишиб қолган. Эри ичиб келиб, беҳудадан-беҳудага уравераркан. Бемаҳалгача гаплашиб ётиб, уйқуга кетишган. Бир вақт қаттиқ чинқиришдан, дод-войдан сапчиб уйғонишган. Кимдир шоша-пиша чироқни ёққан. Нима бўлганлиги номаълум, ҳалиги келинчак ерда думалаганча типирчилаб ётади. Уввос солиб йиғлайди, иккала қўлини чўзиб, ҳимоя сўраб, сандироқлайди.
– Имм… – Нуриддин титраб кетди. Вазиятни кўз олдига келтириб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. – Туш кўриб, алаҳсираган…
– Шугина эмас, кейин билдик, эси пастроқ, кирди-чиқдиям экан.
– Оббо, нега уни соғ одамлар орасига қўйганлар?
– Ҳамма гап шунда-да, ака, бефаросат дўхтирларни иши бу.
– Ўшанда онам қўрққанлар, юраклари шикастланган, демоқчисан, а? – деди Нуриддин ўйланқираб. – Тўғри, қўрқув-ёмон. Мен ҳам шу фикрга келган бўлардим. Хўш, кейин-чи?
– Икки кун аҳвол шундай давом этган. Келинчакнинг бу қилиғидан бир бемор шайтонлаб қолган… Ўзига келмаган… Шундан кейингина телба келинчакни олиб кетганлар. Онамни мазалари қочган.
– Нега мени чақирмадинглар? – Нуриддин