Иккинчи боб
Агра қалъаси қўлга олингач, Бобуршоҳ Иброҳим Лўдийнинг хазинасидаги бойликларни ўзи билан бирга келган ҳамроҳларига тақсимлаб берди. Ҳар кимга эгаллаган мавқеи ва хизматларига яраша улуш берилди. У бу юришда қатнашмаганларни ҳам ўзига яраша насиба билан сийлади. Ўғиллари Комрон мирзо, Аскарий мирзо ва Ҳиндол мирзолар, «каттаю кичик» қариндошлар, Самарқанд, Хуросон, Макка ва Мадинадаги азиз-авлиёларга ҳам совға-саломлар жўна тилди. «Кобул ва Варсак музофотидаги эркагу аёллар, қулу озодликдаги одамлар, болалар ва катталар бир шоҳруҳийдан тилла тангага эга бўлдилар».
Панипат жангида кўрсатган шижоати ва жасорати билан Ҳумоюннинг Ҳиндистонга юриш олдидан Бадахшондан Кобулдаги «Садоқат боғи»га кечикиб келиши борасидаги гуноҳлари ювилиб кетди. Гвалиор рожаси оиласидан олган олтину гавҳар ва қимматбаҳо олмосдан ташқари яна етмиш лак рупий1 мукофот ва беҳисоб бойликка тўла бир уй олди. Бу уйнинг бойлигини биров ҳисоблаб кўрмаган. Бобурнинг ўзи эса хазинадан ҳеч нарса олмади. Моддий бойликка ҳирс қўймаганлиги учун халқ орасида у «қаландар шоҳ» деган номга сазовор бўлган эди.
Ғалаба нашидаси ва қўлга киритилган бойликлар қувончи Бобур ва унинг кўчиши реал шароитга сингиша борган сари сўниб борарди. Бобуршоҳнинг Ҳиндистондан олган таассуротлари анчагина нохуш эди. Бу ернинг шаҳар ва қишлоқлари кўримсизлиги билан киши қалбида ёқимли из қолдирмайди. «Катта дарёлари ва жилғалардан ҳосил бўладиган сув ҳавзаларидан ташқари бу ердаги боғ ва турар жойларда оқар сувлар йўқ».
Бобур бу юртда яхши отлар, яхши итлар, яхши мевалар, айниқса, узум ва қовунлар, ҳаммомлар, мактаблар, шам ва шамдонлар ва машъалаларнинг йўқлигига ҳам эътибор берди. Май ойида, ёмғирли кунлар келишидан аввал бўладиган жазирама иссиқ ҳам Ҳиндистоннинг об-ҳавоси ҳақида салбий таассурот қолдиради. Одамлари хунук, бирор ишни амалга ошириш учун уларда на истак ва на қобилият бор эди. Характери жиҳатидан қўпол, тарбиясиз ва шафқатсиз, эркакларга хос журъат етишмаслиги кўзга ташланиб туради. «Ҳунармандчилик ва қўл меҳнатига асосланган бошқа ишларида на шакл ва на мазмун, на услуб ва на сифат бор», – деб ёзади у ўз хотираномасида.
Ҳар ҳолда, Бобур бу юртдаги бойликларга яраша қийинчиликлар ҳам борлигини яхши англар ва уларга бардош бериб, бу юртдаги майда хонликларни бирлаштириб, буюк салтанатга асос солмоқчи бўлди. «Ҳиндистоннинг яхши жиҳати шуки, бу жуда улкан ва кенг мамлакат, унда олтин ва кумуш каби бойликлар мўл. Ёмғир ёғиб турган пайтларда унинг ҳавоси ёқимли бўлади. Кунига ўн-ўн беш, йигирма марта ёмғир ёғади, бирдан шовуллаб жала қуяди ва қақшаб ётган дарё ва жилғалар сувга тўлиб оқади», – деб ёзади у. Сўнгра ўзига ўзи гапиргандай, «бу юртнинг яна бир