Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Чингиз Айтматов
Издательство: SHARQ
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-6609-8-4
Скачать книгу
бу бўлса, – деб кабинани кўрсатдим, – бизнинг уйимиз!– дедим-да, бирдан кулиб юбордим. Уни қаёққа ҳам олиб борардим.

      Асал кўзларимга тикилиб, ўзини кўксимга ташлади. У менинг пинжимга тиқиларкан, ҳам йиғлар, ҳам куларди.

      – Жонгинам, азизим! Менга ҳовли-жойнинг кераги йўқ! Фақат ота-онам, кейинчалик бўлса ҳам, қачон бўлмасин, мени тушуниб, гуноҳимни кечиришса бўлгани. Улар мендан умрбод хафа бўлишади, буни яхши биламан… Аммо айб мендами ахир…

      Тезда қош қорая бошлади. Кўкни булутлар қоплаб олди – кўлга сокинлик чўкиб, энди қорайиб кўринарди. Тоғ тизмаларига гўё электр пайвандчи ўтириб олгандек, бирдан ўт чақнаб, кўзларни қамаштирар ва яна ўчар эди. Момақалдироқ босиб келаётган эди. Оққушларнинг йўлларини ўзгартганлари ҳам бежиз эмас. Тоғда ёғингарчиликка дуч келишларини олдиндан сезганлар.

      Мана, момақалдироқ гумбурлади. Ёмғир шаррос қуя бошлади. Кўл чайқалиб-тўлқинланиб қирғоқларга урила кетди. Бу биринчи баҳор момақалдироғи эди.

      Бу – бизнинг бирга ўтказган биринчи тунимиз эди. Кабина устидан, ойналардан ёмғир пақирлаб сув қуйгандек оқиб, сизиб тушарди. Олис-олисларга чўзилган оч яшил яшинлар қопқора кўлга сузиб тушарди. Биз эса бир-биримизнинг пинжимизга кириб, шивирлашиб гаплашардик. Асалнинг чўчиганиданми ё совуқ қотганиданми, сал титраётганини сезиб турардим. Уни камзулим билан ўраб, қаттиқроқ қучоқладим. Шунда ўзимга ўзим жуда кучли, улкан одамдек бўлиб кўриндим. Ўзимда шунчалик меҳр ва муҳаббат борлигини ҳеч қачон сезмаган эдим, бировга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилиш шунчалик завқли эканини ҳам билмасдим. Унинг қулоғига: «Ҳеч кимга, ҳеч қачон сени хафа қилдириб қўймайман, қизил дуррачали сарвиқоматим!» – деб пичирладим.

      Ана-мана дегунча ёмғир ҳам анча шаштидан тушиб қолди. Аммо чайқалиб ётган кўл ҳамон бешик-бешик бўлиб тўлқинланар, ёмғир шивалаб ёғарди.

      Мен кабина токчасидаги сафарда олиб юриладиган радиоприёмникни олдим. Ўша кезлардаги менинг топган-тутганим шу эди. Мусиқа тинглашни жуда яхши кўраман, шунинг учун ҳам приёмникни доим ўзим билан бирга олиб юрардим. Унинг у ёқ-бу ёғини созлаб, керакли тўлқинни тутдим. Ҳозиргидек эсимда: ўша кеча театрдан «Чўлпон» балетини олиб эшиттиришмоқда эди. Балетда куйланаётган ёқимли ва кишини ўзига тортувчи қудратли мусиқа садолари худди ўша ашулада куйланган чин севги каби тошлар оша, чўққилар оша кабинага оқиб келаётган эди. Бутун зал ҳаяжонга келган, гулдурос қарсаклар билан артистларни олқишлар, томошабинлар уларнинг номларини айтиб қичқиришар эди, эҳтимол раққос ва раққосаларнинг оёқлари остига гуллар отишаётгандир. Аммо, менимча, театрда ўтирганлардан биронтаси ҳам биз каби – тўлқинлар мавжланиб, шиддат билан қирғоққа урилаётган кўл соҳилида, шаррос ёмғир остида кабинада ўтирган ошиқ-маъшуқлар сингари завқ-шавққа тўлиб ҳаяжонланаётган бўлмаса керак. Бу бизнинг балетимиз, биринчи кечамиздаги илк балетимиз эди. Ўз бахтини излаб кетган қиз – Чўлпоннинг тақдири бизнинг қалбимизга нақадар яқин эди. Менинг Чўлпоним – тонг юлдузим мен билан бирга, ёнгинамда ўтирибди. Ярим кечага