– Тўхтатинг, тушаман! – деди чўчинқираб.
Мен машинага тормоз бердим.
– Етиб келдик шекилли? Шу ерда турасизми?
– Йўқ, – деди у негадир ҳаяжонланиб, безовталаниб. – Яхшиси, шу ерда тушиб қўя қолай.
– Нега энди? Тўппа-тўғри уйингизга олиб бориб қўяман! – деб унинг эътироз билдиришига имкон бермай, машинани яна ҳайдаб кетдим.
– Шу ерда тушаман, – деди Асал ниҳоят. – Раҳмат!
– Марҳамат! – дедим аранг, сўнг: – Агар эртага машинам яна бояги ерда тиқилиб қолса, ёрдам берасизми? – дедим ҳазил аралаш жиддийлик билан.
У жавоб беришга улгуролмади. Яқиндаги ҳовлининг кўча эшиги очилиб, алланимадан ташвишланган кексагина аёл югуриб чиқди.
– Асал! – деб қичқирди у нимадандир огоҳлантирмоқчи бўлгандек, қўли билан оғзини беркитиб. – Қаёқларда дайдиб юрибсан, Худо кўтарсин сени! Бор, тезроқ кийимларингни алмаштир, совчилар келишди!
Асал уялиб кетди. Елкасидан камзулини ҳам тушириб юборди, сўнгра уни ердан олди-да, итоаткорона онаси орқасидан кетди. У эшик олдига борганда орқасига бир қайрилиб қаради, аммо шу заҳотиёқ эшик «тақ» этиб ёпилди.
Мен кўчадаги қозиқда боғлоғлиқ турган эгарланган ва узоқ йўл юриб терга ботиб келган отларни эндигина пайқабман. Ўтирган еримдан туриб, девор оша ҳовлига қарай бошладим. Ўчоқбошида хотин-халаж уймалашиб юришарди. Катта рух самовардан бурқсаб тутун чиқиб турарди. Икки киши айвонда янги сўйилган қўй терисини шилмоқда. Хуллас, совчиларни кўнгилдагидек кутиб олишаётган эдилар. Менинг бу ерда қиладиган ишим қолмаганди. Бориб юкларни туширишим керак эди.
Автобазага кеч кирганда қайтдим. Машинани ювиб, гаражга киритиб қўйдим. Бу ерда анча вақтгача ўралашиб юрдим, машинанинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечириб, тузатган бўлдим. Бугунги воқеани кўнглимга шунчалик яқин олганимни негадир ўзим ҳам тушунмасдим. Бутун йўл бўйи ўзимни ўзим дам койирдим, дам юпатардим: «Хўш, сенга нима? Қанақа аҳмоқсан ўзинг? Ахир у сенинг киминг бўлади ўзи? Қайлиғингми? Ё синглингми? Тасодифан йўлда учрашиб қолиб, уйига олиб бориб қўйибсан, хўш, нима бўпти? Гўё илгаридан бир-бирларингни севиб юргандек куюнишингни қара-ю! Эҳтимол, у сенинг ҳақингда ўйлашни ҳам истамас. Сенга жуда кўзи учиб тургани ҳам йўқдир! Ахир қизнинг айттириб қўйган куёви бўлса, сен унинг кими бўласан, ҳеч кими! Йўлда учраган бегона шофёр бўлсанг, сенга ўхшаган шофёрлар сон-саноқсизку, ахир… Яна бировларнинг ишига аралашишга нима ҳаддинг бор: улар қудаанда бўлишяпти, яқинда тўй қилишади, уларнинг ишига тумшуғингни суқиб нима қиласан? Ҳаммасига тупур. Сенинг ишинг нима? Яхшиси, рулингни айлантириб юравер!..»
Аммо бутун бало шунда эдики, ўзимни ҳар қанча аврасам ҳам у қизни ёдимдан чиқара олмасдим.
Машина олдида қиладиган ишим ҳам қолмади. Ётоқхонага борсам бўларди. У ерда шовқин-суронли, гавжум жой – қизил бурчак ҳам бор. Менинг у ёққа боргим йўқ. Кўнглим ёлғиз бўлишни истарди. Қўлларимни бошим остига қўйиб, машина қанотига чалқанчасига ётдим.