(отам айтган ривоят)
Қадимда уч-тўртта йигит ўзаро баҳслашиб кетибдилар.
“Кимки подшо билан бир дастурхон атрофида ўтириб чой ичса, ўшанга ярим бойлигимизни берамиз”,– дебдилар.
Шунда иши юришмай қийналиб юрган косиб йигит ўртага суқилиб кирибди. “Мен шу ишни бажараман”, – дебди.
Ҳамма унинг гапидан кулиб юборибди. Лекин йигит қўрқмасдан подшо ўтирган кўшк сари борибди, муҳим гапим бор, ўтказиб юборинглар, деб туриб олибди.
– Нега келдинг? – дебди подшо қовоғини солиб.
– Сиз жуда доносиз, подшоҳим. Мен сиздан пиёладек келадиган олтин қанчага баҳоланади, деб сўрамоқчийдим.
Подшо олтинни эшитиб йигитни ёнига чорлабди, кумуш пиёлада чой қуйиб узатибди, сўнг ўша олтинингни кўрсатақол, дебди.
Йигит эса: “Олтин ҳозирча йўқку-я, лекин топиб олсам, уни қандай баҳолашни билмайман, деб қўрқдим”, – дебди.
Подшо йигитнинг соддалигидан яйраб кулибди, сўнг завқи келиб кумуш пиёлани унга узатибди, “Мана, ол, олтин топсанг, шунда ўлчарсан”, – дебди.
Хуллас, косиб бойвачча йигитларнинг ярим бойлигини қўлга киритиб, ўзининг тадбирлилиги билан бойиб кетган экан.
БОБО ҲАҚ СЎЗНИ АЙТДИ
Шодиёр бобо доимо болаларни атрофига йиғиб, уларга ривоятлар айтиб берар, ҳар бирини худди фарзандидек суйиб эркалатарди. Лекин безориларини аяб ўтирмасди.
Айниқса, дарахт шохини синдириб, чумчуқ уясини бузганларни кўрса, қаттиқ койир, “Нега бундай қилдинг, оқибатини ўйламадингми?” деб қулоқларидан чўзарди.
Бир куни бобони даврадошлари ўртага олишиб:
– Қачонгача шу болаларга ўралашиб юрасан. Улар бузғунчилик қилса сенга нима? Ҳаммасини ўз ҳолига қўй, ота-оналари тарбиялаб олаверсин?! – дейишибди.
Бобо анча ўжар эди. Тенгқурларининг гапини индамай эшитиб турибди-да, сўнг бош чайқаб:
– Болаларни тарбиялаш фақат ота-онанинг иши эмас, бунга барчамиз жавобгармиз, шуни биласизларми? Бугун қушнинг инини уриб туширган, экинни оёғи билан янчиб, мевали дарахтнинг шохини синдирган болани кўриб ҳеч биримиз индамасак, “бу ишинг хато” демасак, бир кун келиб, улар бундан ҳам каттароқ қинғирликларга қўл урмайдими, ахир?! Ўшанда бутун маҳалла “аттанг” деб қолса майлими?– дея куюнган экан.
КИТОБ ЎҚИБ, ИЗЗАТ ТОПДИМ
(Ҳамдам бобо ҳикояси)
Бу воқеага кўп йиллар бўлди.
Айни йигитлик чоғларимда ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим-у раиснинг машинасини ҳайдай бошладим. Хўжайиннинг ажойиб фазилати бор эди. Қаерда китоб дўконини кўрса кириб, эринмай айланар ва янги чиққан китоблардан харид қилиб машина орқасига тахларди. Ўзи бўш қолди дегунча шу китобларни ўқий бошларди, мениям шунга ундарди.
Дастлаб парво қилмадим. Бир куни мажлисга кириб кетаётганларида “Икки соатча бўшсан, вақтни бекорга ўтказмай манави китоблардан бирини ўқиб ўтир, кейин фикрлашамиз, хўпми?” деди. Айтганини қилдим. Ҳалиги китобни шунақа мириқиб ўқибманки, вақт қандай ўтганини сезмабман. Шу-шу китобга ишқим тушди.