Илон ўчи. Мирмухсин Мирсаидов. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Мирмухсин Мирсаидов
Издательство: ZABARJAD MEDIA
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-7389-9-7
Скачать книгу
нарху наво, маҳаллаларда бўлаётган воқеалар уни жуда қизиқтирарди. Бугун улар бир аёлни операция қилишди. У машҳур бир кинооператорнинг хотини эди. Бу киночи Осиё, Африка ва Лотин Америкаси қитъаларининг кинофестивали вақтида, санъат арбоблари ичида профессор хусусида ҳам ҳужжатли кинофильм қилган эди. Бу анжуманда республика топшириғига биноан бир неча машҳур врачлар кутиб олиб, мулоқотда бўлиб, улар санъат, адабиёт, врачлар ҳамда Тошкент ва Самарқанддаги тарихий ёдгорликлар билан танишишди. Меҳмонлар халқимизнинг таниқли профессори билан ҳам дилдан суҳбат қурдилар. Улар билан мулоқот вақтлари тасвири кинотасмаларга муҳрланди; лекин аллақандай бир «қайчи» тасмаларни қирқди, кейинчалик ойнаи жаҳонда профессор кўринмади. Аммо каттанинг уруғларидан бўлмиш бир нўноқ шоир тез-тез намойиш қилиниб келаверди. «Ўша «қайчи» бизларни қирқиб келмоқда, – деди профессор. – Ўн кишилик зиёфатни ҳам давлат ҳисобидан қиладиган бу ноинсоф киноларда ҳам ташвиқ қилинмоқда. Лекин биз йигирмадан ортиқ меҳмонни давлат топшириғига кўра, уйимизда меҳмон қилдик. Биров бир тийин бергани йўқ. Бу, ҳақ гап! Лекин нега биз медиклар тасвиримиз тушган ленталар қирқилади? Бизларнинг бурнимиз қийшиқ эмас-ку! Шундан уялишдимикан? Ёки бизлар бўзрайиб турганимиз йўқ. Бизларнинг юзимиздаги нур, меҳнатимиз салмоғи остида у шуҳратпарастлар қолиб кетиш хавфи бор эди. Ана шунинг учун ҳам улар ўз қўлларига «қайчи» олдилар ва ўз шуҳратларини ошириш борасида «жанг»га тушдилар.

      Лекин, барибир, бир кун келиб меҳнат қилмаганларнинг ҳолига вой бўлади! Бир ўғридек унутиладилар. Меҳнат қилган талант эгалари албатта юзага чиқади! Албатта!»

      Профессорнинг шундай тажанг пайтлари кўп бўларди. У ҳозирги бўлаётган кўп нарсаларга мункир, айниқса, порахўрлигу маҳаллийчилик уни қаттиқ диққат қиларди. «Онангни қози ҳақорат қилса, қайга борасан додлаб!..» дерди у.

      Ҳабиб телефонда гаплашиб бўлгач, профессорнинг ёнига кириб, уйдан телефон бўлганини, рухсат беришини сўради. Кейин ўз кабинетига кириб, стол тортмасидан Ҳофиз Шерозий китобини олди. Шоша-пиша кийиниб, кўчага чиқди. Катта асфальт йўлда туриб, ўткинчи машиналарга қўл кўтарди. Ўн-ўн беш дақиқалардан сўнг, бўш келган бир машина Ҳабибни олди. У Чилонзордан Навоий кўчасига учди, Ўрдадан ўнгга қайрилиб, янги тушган коттежларга, тор йўлга бурилди. Китобни бераман-у, кейин шу машина билан яна орқамга қайтаман, деган режа тузганди. У бориб, қўнғироқни босгач, ичкарида турган Нигора эшикни очди.

      – Марҳамат, бу ёққа киринг!

      – Мана ўша китоб, – деди Ҳабиб қўл узатиб.

      – Ичкарига! Эшикдан кўришмайдилар.

      – Мени машина кутиб турибди.

      – Жавоб бериб юборинг!

      – Ойингизлардан уяламан.

      – Уяладиган киши йўқ. Уйда ҳеч ким йўқ. Беш дақиқага киринг!

      – Ҳозир! – Ҳабиб югуриб бориб, машина эгасига пул бериб, жўнатди, Нигоранинг ёнига қайтиб келди. – Қандоқ бўларкин кириш.

      – Қўрқманг. Мен ўзим таклиф қиляпман. Нима, бу тўғри келмайдими?

      Ҳабиб ичкарига қадам қўйди. Плашини ечиб, катта хонага кирди. Нигоранинг таклифига кўра аввал қизил духоба