Зулфия хонимнинг шеъриятида халқнинг юраги билан мана шундай томирдошлик бор. У сўзлаганда халқнинг қизи бўлиб сўзлайди. Бунга ўзидаги маънавият ва юксак руҳий маданиятнинг кучи билан эришади.
ИЛК ҲАЯЖОНЛАР
Ҳаяжоннинг онаси табиат, киши калби, шеър эса ҳаяжоннинг килкиллаб турган фарзанди. Зулфия ўзбек адабиётига маъсум ва покиза бир ҳаяжон билан кириб келди. Уни табиатнинг ғуборсиз манзаралари, ойнинг нури тўкилган сокин кечалар, тароватга тўлган боғлар, меҳнат қайнаган далалар ва ёшликнинг илк, тоза кечинмалари уринмаган, тузмаган, завол билмаган севгининг юракларни тўлқинлантирган нашидалари ўзига тортди, қўлга қалам олишга ундади. Ёш ўзбек шоираси мана шу ранг-баранг оламни унинг барча завқлари, романтик кўтаринкилигида қабул қилди.
Ҳур Ватан боғида қушдайин озод,
Эркин канот ёздим, яшнаб гулладим.
Шу ҳаётда чексиз қувноқман ҳам шод,
Шод дилдан шодликни мағрур куйладим.
Зулфия ўз бахтини ёзди. Ўзбек шоирлари ичида ҳеч ким унга қадар ўз бахтини, ўз эркин бу қадар тўлқин билан куйламаганди, бу қадар тиниқ ифодалаб бермаганди. Унинг бахти кўпнинг бахтидан бир жузв эди, шунинг учун ҳам ёш шоиранинг овози ўзбек қизининг овози, ўзбек қизининг янги дунёси каби жаранглади.
Зулфиянинг ўттизинчи йилларда яратган энг яхши шеърларида жуда тоза, бокира интилишлар, бокира туйғулар мавжланиб туради. Ҳамма ижоднинг илк даврида бўлганидек, Зулфиянинг ҳам илк давр шеърларида баҳор, майин еллар, боғларда очилган чаман гуллар, чечаклар япроқларида жилваланган ой, нурлари, офтобнинг ҳаётбахш шуълалари, шалдираб боққан тиниқ сойлар суйиб, завқ билан тасвирланади. Нимаики тоза, беғубор бўлса, ёш шоиранинг хаёли шунга мафтун бўлади, мафтунлиги шеърга кўчади. Шоиранинг 1935 йилда ёзилган «Баҳор кечаси» деб аталган, сўлим ойдин кеча манзараси тасвирланган шеърида шундай қизиқ бир сатрлар бор:
Кўк бахмалга гуллар бурканган,
Лаб очмаган, булбул ўпмаган
Кўзим тушди олма гулига,
Дедим: тақсам энг гўзал бирин
Сўйлаб берса… менинг чаккамда
Дилбарлигин, гўзаллик сирин.
Нима учун ёш шоирани «лаб очмаган, булбул ўпмаган» олма гули ўзига тортади? Шоира ўз ҳиссиётларида унга яқинлик кўради, ҳиссиётларидан унга ўхшашлик топади. Олма гулидаги мужассам табиатнинг бокира куйини ўз қалбига уйғун кўради. Гул табиат саҳифасида қанчалик бир қўшиқ бўлса, инсон ҳам олам қаршисида шундай бир қўшиқдир. Ёш шоира шу икки қўшиқнинг бир-бирига мутаносиб эканлигини