Бу жиҳатдан, айниқса, ижодкор инсоннинг кўз қарашлари, ижодкор шахсининг камолот даражаси қандай бўлиши, қандай эканлиги муҳимдир. Чунки унинг нуқтаи назари, ҳаёт ҳодисаларига муносабати ва шу муносабатининг миқёси кўпга таъсир қилади, кўпнинг тарбияси ва онгини ўстиришга қаратилган, сафарбар қилинган бўлади. Зокиржон Фурқат «Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида» деб аталган манзумасида шоир кишини таърифлаб уни «На хуш кўрса оламда таъриф этар, Ани яхши сўз билан тавсиф этар» дейди. Бу шоир Зокиржон Фурқатнинг ўз нуқтаи назари. У шоир киши оламда кўпроқ яхши нарсаларни, яхшиликларни кўриб уларни яхшилик билан шодланиб тилга олади, яъни яхшиликларни тасвирлаш орқали яхшиликларга йўл очади, рағбат – майл уйғотади, дейди. Лекин ижодкор фақат яхшиликларни кўриб хурсанд бўлган чоғларидагина эмас, у ёмонликлардан озурда дил бўлган кезларида ҳам ёзади, яъни шу манзума якунида Фурқат ифодасича, «Ёзармиз басе шод бўлса кўнгул, Ва ё ғамга муътод бўлса кўнгул». Лекин шундай адиблар ҳам бўладики, улар инсон ҳаётидаги мавжуд қабиҳликларни уларнинг бутун даҳшати баробарида рўй-рост тасвирлаб, қабоҳатни аёвсиз суратда очиб ташлаб, унга қарши нафрат уйғотадилар, ўз ўқувчиларида қабиҳликларга қарши нуқтаи назарларни тарбиялайдилар, уларда курашчан бир руҳ уйғотадилар. Бу ҳам нуқтаи назар. У, айтайлик, Фурқат илгари сурган нуқтаи назардан фарқ қилади, лекин унга диаметрал жиҳатдан қарши эмас, балки бу каби инсон идеалларини назарда тутган, инсоннинг энг олий манфаатлари учун баробар, бир сафда туриб ҳаракат қиладиган қарашлар бир-бирини тўлдиради, бойитади, яхшилик учун курашни таъсирчан қилади.
Ижодкор шахси ва унинг қарашларининг жами – у ёзган асарларнинг қаватларига сингиб кетади, унинг нуқтаи назари у тасвирлаган ҳаёт воқеаларининг замирида акс этади, у ҳаётдан ёзилажак нарсани ҳам маълум бир нуқтаи назар билан ажратиб, саралаб олади, маълум бир нуқтаи назардан туриб ажратади, ёндашади, мазмун беради, маъно чиқаради. Ўзини буткул бир чеккага қўйиб, ўзим буткул аралашмасдан фақат бўлган воқеанинг ўзини тасвирлаб бераман, буткул объектив бўламан дейдиган ижодкорлар ҳам учрайди, лекин буларнинг асарлари кўпинча қуруқ ва қашшоқ бўлади, баайни, ичкарида ликоп тўла тилла ранг асал кўриб ўзини тўнғиллаб дераза ойнасига урган, лекин асалнинг ўзига етолмаган қовоқари қандай вазиятда бўлса, ҳаётни ўз қалбининг олови билан иситмай, унга ўз қалбининг тафтини сингдирмай туриб тасвирламоқчи бўлган ижодкор ҳам шундай ёки шунга ўхшаш вазиятга тушади.
Яшамоқ!
Осмонга етади бошим
Бу оддий, меҳнаткаш сўз қудратидан! –
дейди бир шеърида шоира Ойдин Ҳожиева. Бу ҳам нуқтаи назар. Шу умид тўла янгроқ сўзлар шоиранинг барча шеърларига ўзига хос бир руҳий иқлим бағишлаб турадилар. Шоиранинг шу нуқтаи назари – эътиқод даражасига кўтарилганлигидан, унинг шеърлари замирида эътиқод каби англанганлигидан китобхонга ҳам таъсир қилади, уни яшаш,