– Кел, сениям қошингни қарайтириб қўяй, дадасини эркаси, – деди.
Мен уялиб, ўзимни эшик ортига тортдим. Ортимдан холамнинг қизи Марзия:
– Худони қудрати! Муштдаккина-ю, ҳалитдан чиройи ақлни шоширади-я! Бунингга қошлиқ шарт эмас, қара қош-кўзни, сурма тортилгандай, какликнинг худди ўзи! Қўшиқда айтилади-ку:
Кўзларингиз сурмага муҳтож эмас,
Қошларингиз ўсмани қилмас ҳавас6,
– деб хиргойисидан ўзи завқланиб хандон ташлади.
Мен ётоқхонага кириб, илк бор бошқача кўз билан кўзгуга қарадим: менга катта-катта кўзлар ҳадик билан боқиб турарди…
Тўғриси, синфдошларим баъзида чиройимга ҳавас қилиб гапиришган, бировлари ҳасадда сўз қистирган пайтлари кўп бўлган. Мактаб ҳаваскорлик тўгарагида бош роллар менга ишониб топширилганда синфдошим Адибанинг ғайирлигига жавобан адабиёт ўқитувчимиз Жаннат опа “Бонунинг кўриниши ҳам мос келади”, деб оғзига ургани ҳам бор гап.
Кейинчалик коллежга ўтиб ўқий бошлагач, Тангри таоло мени беҳад сийлаб марҳамат кўргузганини англаб етдим.
Мен бўй етиб улғайганим сайин чиройим очилиб, гўзаллашиб бораётганимни ўзим ҳам билиб турар, кўча-кўйда суҳбатлашиб турганлар мен ўтганимда бирдан жимиб қолишларидан, автобусга чиқсам беихтиёр ҳамма мен томон қайрилиб олишидан, ўқитувчиларим баҳоларимни бироз ошириб қўйишларидан… ич-ичимдан қувонар… бир сўз билан айтганда, ҳаётдан мамнун эдим.
Онам кўз тегмасин деб етти пирни айлантириб дам солдирар, туморлар тақиб, кўзмунчоқлар боғларди.
Энг яқин ўртоғим – кўзгу доим ёнимда, у билан дийдорлашиб тўймасдим, қараган сари баҳри дилим очилиб, яйраб борардим. Чунки у ғўрлик пайтим қиз боланинг ҳусни ҳам бахти, ҳам фожиаси бўлиши мумкинлиги хаёлимнинг кўчасига келмас эди.
Мактабдагидек, коллежда ҳам барча йигитлар ошиқу шайдо, мени талашиб ёқалашганлари қанча бўлса, мактуб йўллаганлари, совчи қўйган “чилги”лари ҳам шунча эди.
Абитуриентлигимда бир воқеа рўй бердики, бу менинг чиройим шуҳрати овозасини янада оширди.
Ҳужжат топшириш ҳам ўсмир ҳаётининг ҳаяжонли айёми… Мен эгнимга янги атлас кўйлак кийиб, ўзимга ишончим барқарор, Арк ёнидан учиб-қўниб ўтиб бораётсам, бошига тўр қалпоқ бостириб, бурнига зангор шишали кўзойнак қўндирган бир амаки “Тўхта, қизим, бир дақиқа!” деб қолди.
Қарасам, у бўйнига осиғли фотоаппаратини созлаб, мени мўлжалга оляпти. Вақтим зиқлиги учун у билан ортиқча тортишиб ўтирмадим, шу билан бирга, шайтонлик ҳам қилгим кеп қолди: шоира қизларнинг газетларда чиқадиган бир хил суратларига тақлидан кўрсаткич бармоғимни иягимга қўйиб жилмайдим: “Марҳамат, олаверинг!”
Суратчи беш-олти марта аппаратини чирқиллатиб, мамнун илжайди. Сўнг абитуриентлигимни эшитиб, яна қувониб кетди: “Йўғ-е, буни қара-я, роса мен қидирган қаҳрамон экансан-ку!”
Шу заҳоти рўй берган воқеани унутиб,