Бир сазо кутибсан мендан жимгина,
Мен олдга бир қадам ўтақолмабман.
На элчим бор менинг, на таржимоним.
Тилсизлигим боис ортар армоним.
Хаёлдан бўлакка етмас фармоним,
Юрагимни вакил этақолмабман.
Бори эл барибир сўзларлар биздан,
Ёлғиз ўй сурсак-да, келарлар издан.
Ҳечса, борлигингни гизлаб ёт кўздан,
Соянгни бир нафас тутақолмабман.
«Не гўзал фасл бу, борлиқ уйғонган…»
Не гўзал фасл бу, борлиқ уйғонган,
Муҳаббат элчиси бугун ҳар юрак.
Олам боғларида озод саболар,
Гўё ердан кўкка кўприк – камалак.
Ўзбекистон жону жаҳоним менинг
Жону жаҳон – Ўзбекистоним менинг.
Эзгулик баҳордек эл-юртни кезар,
Юзларда жозиба тўла табассум.
Гўдак кўзларида ёруғлик маъсум,
Навбаҳор айёми эрур бу мавсум.
Не тилсим ёғдулар ҳадя этмиш тонг,
Диллар бир-биридан топади таскин.
Ҳар ғунча гўёки гулрангли хабар,
Кўнгиллар тобора-тобора яқин.
Кафтимизда йўллар – висол кўзгуси,
Фалак яхши ранглар йўллар ҳар тонгга.
Борлиқ қалбга солган гўзалликларни
Сийлаб ҳадя этар Ўзбекистонга!
Бир инсон ибрати
Дерлар битта ниҳол камолга келар,
Боғбон қўлин туйса етмиш икки бор.
Айтинг, бир тўқайни боғ этмак учун
Қандайин машаққат, синоат даркор!
Устоз Мамашариф, сизнинг умрингиз
Бир кунлик тажриба сарфи эмасдир.
Абадият гоҳо лаҳза нур расми,
Тоққа улги этмак уни абасдир.
Хушназар инсонлар билан эл тирик,
Одам нур олади одам юзидан.
Дерлар: – Паҳлавон пир қадамин хушлаб
Дарёлар эргашиб юрмиш изидан.
Искандар оғамнинг ибрати тенгсиз –
Кўкракда урушдан мерос ўқ билан.
Юмалоқ тўқайга сиз йўл солдингиз,
Эл билан – эл учун қалбда ўт билан.
«Юмалоқ – қутулиб бўлмас бир тўқай»
Юмалоқ арзингни айтарга жой йўқ.
Баъзан эл ғамидан йироқ баёнлар
Ов қилган ҳар сорига отиб ўқ.
Замонлар ростланиб, Ади тик келса,
Бунёдкор, ижодкор инсон олса дов,
Ўтинг манглайидан таралган нурдан
Ёришар эли ҳам, ери ҳам дарров.
Сирри ғайбдан огоҳ шоирнинг қалби
Ўтирик гаплардан ҳайратга тушмас.
Бул биҳишт боғларни кимки кўрмабди,
Кўнглига бошқа бир жаннатлар тушмас.
Демак қаҳрамонлик – қомусий шиддат,
Истиқлолда аён бутун юрт шаҳди:
Эли, ери, дили ҳикматларини
Аён эта билмак инсоннинг бахти.
Деҳқоним
Чексиз эҳтиромим сенга, деҳқоним,
Сен боис тотлидир ҳар бурда ноним.
Тупроғим ост-усти қўш ганж-ёмбидир,
Деҳқоним меҳнати – учинчи қоним.
Бутун Осиёни кўмгайдир зарга
Битта водий уйган олтин хирмоним.
Таянчимдир