Фаренгейт бўйича 451º. Рэй Брэдбери. Читать онлайн. Newlib. NEWLIB.NET

Автор: Рэй Брэдбери
Издательство: Asaxiy books
Серия:
Жанр произведения:
Год издания: 0
isbn: 978-9943-23-199-3
Скачать книгу
олдиндан билгандек кузатди. Қанча муддат бирга сайр қилишди? Уч дақиқами? Беш дақиқами? Бироқ ҳозир бу жуда узоқ вақтдай туюларди. Қизнинг девордаги акси ҳам улкан кўринар, нозик жуссаси эса улкан соя ташларди. Агар кўзлари толса, биринчи бўлиб қиз киприк қоқишини, агар юз мушаклари қимирласа, буни ўзидан аввал қизнинг эснашида кўришини сезиб турарди.

      “Нега шундай бемаҳалда у қиз мени муюлишда пойлаб тургандек туюлмоқда?” дея ўйларди бўлиб ўтган воқеани эсларкан.

      У ётоқхона эшигини очди.

      Ўзини ой чўккандан кейин мақбаранинг мармар билан қопланган совуқ дахмасига киргандай ҳис қилди. Хона тим қоронғи, ташқаридаги кумушранг дунёдан асар ҳам йўқ, деразалар зичлаб беркитилган, шаҳар суронлари киролмайдиган қабр каби сукунат чўккан эди. Аммо хона бўш эмасди.

      У қулоқ тутди.

      Митти чивин ҳавода визиллаб нозик рақсга тушиши ва иссиқ, пушти уясига қулайгина яширинган арининг электрон визиллаётган товуши келарди. Мусиқа овози бемалол қулоққа чалинадиган даражада баланд эди.

      Юзидаги табассумни гўё жуда узоқ ёнган ва якунига етиб, оқиб тушаётган шам сингари сирғалиб тушиб, йўқолаётган мум теридек ҳис қилди. Зулмат. У бахтли эмас. Бахтли эмас! Ўзига шу гапларни айтди. У бунинг ҳақиқат эканини тан олди. Шу кунгача у бахтни ниқоб қилиб тақиб юрган, қиз эса ўша ниқобни юлиб олиб, қочиб кетганди. Энди унинг эшигини тақиллатиб, ниқобни қайтар деб сўрашнинг имкони йўқ.

      Чироқни ёқмай хонани тасаввур қилди. Хотини каравотда усти ёпилмаган, тобутнинг қопқоғи устига жойлаштирилгандек совуқ ҳолда донг қотиб ётар, ҳаракатсиз кўзлари шифтга пўлат иплар билан маҳкамлангандек қотиб қолган эди. Қулоқларига кичкина “чиғаноқлар” – радиоприёмник-қулоқчинлар маҳкам тиқилган, ундан таралаётган электрон товушлар ва мусиқа овози тўлқинлари аёлнинг бедор ақли соҳилларига ёпирилиб турарди. Хона ҳақиқатан бўм-бўш эди. Ҳар тун бу ерга товушлар уммони бостириб кирар ва кўзлари очиқ ётган Милдред ни ўзининг улкан қанотларида аллалаб, тонгга қадар узоқ-узоқларга олиб кетарди. Ўтган сўнгги икки йилда бирор тун йўқки, Милдред бу тўлқинларда сузмаган, уларга қайта ва қайта шўнғимаган бўлса.

      Хона совуқ бўлса-да, Монтэгга ҳаво етишмаётгандек туюлди. Шунга қарамай, у пардаларни ҳам кўтармади, деразаларни ҳам очмади, чунки хонага ой нури тушишини истамасди. Яқин соатларда ҳаво етишмаслигидан ўлиши муқаррар бўлган одамдек пайпаслаганча ўзининг очиқ, ёлғиз ва совуқ тўшаги томон йўналди.

      Оёғи полда ётган нарсага тегишидан бир лаҳза олдин буни сезди. Ҳали муюлишдан қайрилиб, қизга тўқнашиб кетаёзганда ҳам худди шундай туйғуни ҳис қилганди. Ўз ҳаракати билан ҳаво тебранишлари таратаётган оёғи қандайдир тўсиқдан қайтаётган акс тебранишни сезди ва шу ондаёқ бир нимага урилди. Бир нима эса қоронғиликка сингиб кетди.

      У тек туриб, зим-зиё тўшакда ётган инсоннинг нафасига яна қулоқ солди. Нафас шунчалик кучсиз эдики, унда ҳаёт аломатлари базўр сезилар, у фақат кичкина баргни ёки қора патни ёхуд бир дона соч толасинигина қимирлата олиши мумкин эди.

      Монтэг